Сирдарёда экин майдонлари саратонда сувсиз қолди

.

Минг-минглаб гектар ерда униб турган экинлар қуриб қолганида деҳқонларнинг ҳоли не кечарди? Яхшиямки...
 
Ҳеч кимга сир эмас, шу кунларда саратон борлиқни ўз забтига олган. Ҳатто сояда туриб салқин қидиради одам. Энди офтоб тиғида қақраётган дала, унга яғир елкасини тутган деҳқоннинг ҳолини тасаввур қилаверинг...
 
Аслида саратон бир дард каби, унинг яккаш давоси – сув, сув ва яна сув. Шундай паллада сувсиз қолиш ҳаётдан умид узиш билан баробар. Афсуски, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида айнан шундай ҳол рўй берди, экинлар ўн кун сувсиз қолди...
 
Сирдарё тумани “Тинибек” фермер хўжалиги раҳбари Омонкелди Тинибековнинг бизга маълум қилишича, айни саратон бошланган кунлари далаларга сув келмай қолган. “Бормаган жойимиз қолмади, лекин муаммо ўн кунга яқин чўзилди”, дейди фермер.
 
photo5246855933286525718.jpg
 
Бу сўзларни эшитиб, беихтиёр “Минг-минглаб гектар ерда униб турган экинлар қуриб қолса, деҳқонларнинг ҳоли не кечарди?”, деган савол туғилади.
 
Аслида, гулга кирган ниҳоллар баҳорги машаққатли меҳнатнинг меваси. Бу гулларнинг ҳосилга айланиши эса унга бўлган бугунги эътиборга боғлиқ. Деҳқонлар экинларни “чилла суви”дан тўлиқ баҳраманд этиш учун тунни тонгга улаб, киприк қоқмайди ҳар саратонда. Лекин бунинг учун ариқлар, сойлар сувга тўлиб оқиши керак. 
 
Деҳқонга шароит яратиш, унга елкадош бўлиш ҳақида Президентимиз Сенатнинг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида тўхталиб, бугун деҳқонларга осон эмаслиги, кучли ёғингарчиликлар далаларга, айниқса ғўзага кўп талофат етказгани, кўплаб жойларда чигит қайта экилгани, бугун эса уларни кучли агротехник тадбирлар орқали ривожлантириш долзарб масала бўлиб, бу борада деҳқонларга кўмак кўрсатиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.
 
Шундан сўнг сенаторлар бу масъулиятли вазифани ўз зиммасига олиб, далаларга йўл олди. 
 
photo5246855933286525720.jpg
 
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида бўлганида юқоридаги муаммога рўбарў келди. 
 
Маълум бўлишича, вилоятнинг Сирдарё туманига келадиган сув манбаси қўшни давлатлар ҳудудидан оқиб келади ва бу борада айрим муаммолар пайдо бўлган.
 
Сенаторларнинг шундай мураккаб вазиятда далага кириб келгани деҳқонларга катта умид берди. Барча чоралар ишга солиниши натижасида ниҳоят далаларга оби-ҳаёт етиб келди!
 
photo5246809332891364074.jpg
 
- Яна бир-икки кун далаларимизга сув келмаганида барча экинларимиз буткул қуриб қоларди, - дейди фермер Омонкелди Тинибеков. – Бизнинг дардимизни билиб турган, ҳолимиздан хабар олиш учун мутасаддиларни вақтида юборган Президентимиздан жуда миннатдор бўлдик. Биз сирдарёлик фермерлар ғалла ҳосили бўйича режаларимизни ортиғи билан бажардик. Мана энди пахта режасини бажариш учун барча имкониятни ишга соляпмиз. 
 
Сенат ишчи гуруҳи аъзолари Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида бошқа туманларда ҳам бўлиб, деҳқонларнинг муаммоларини ўрганиш баробарида зарур амалий ёрдам ҳам кўрсатмоқда. Хусусан, Оқ олтин туманида деҳққонларни минерал ўғитлар билан таъминлашга кўмак берилди. 
 
Муҳими, дастурхонимиз тўкинлиги, ҳаётимиз фаровонлигининг асл заҳматкашлари бўлган деҳқонларга елкадош, кўмакдош бўлиш акцияси мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда. 
 

 

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА