Ер эгаларини қандай муаммолар қийнамоқда?

.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, бир қатор вазирликлар ҳамда мутасадди ташкилот, ҳокимлик вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ Навоийда бўлди. 
 
Дастлаб, вилоят ҳокимлигида ишчи гуруҳнинг туманларга чиқиши олдидан йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда аҳоли томорқаси ва ғалладан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини ташкил этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, аҳолига бу борада зарур амалий кўмак бериш борасида сўз юритилди.
 
Ишчи гуруҳ аъзолари туманларга чиқиб, уйма-уй юриш орқали томорқалардан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар бермоқда. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни ўрганмоқда, таклифларни эшитмоқда.
 
Хусусан, вилоятнинг Кармана туманидаги маҳаллалардаги ҳолат ўрганиб чиқилди.
 
Тумандаги “Каттамачит” МФЙда яшовчи Ғафуржон Файзуллаев ака-укалари билан биргаликда тўртта лойиҳа асосида тижорат банкидан 120 миллион сўмлик кредит олиб, “Export Fish Produkt” МЧЖ билан шартнома тузган. 
 
Шартномага кўра Ғафуржон Файзуллаев хонадонига тўртта сунъий ҳавза қурилиб, 6 минг 400 дона африка лаққа балиғи чавоқлари етказилди. Туман бўйича 21 та хонадонга худди шу усулда балиқхона қуриб берилган. Биргина “Агробанк”нинг ўзига 6 маҳалла бириктирилган бўлиб, тумандаги 323 хонадонга 3 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Шундан 77 фоизи кам таъминланган оилаларга берилмоқда.
 
– Бир ой олдин 1,5 тонна балиқ олдик, 6 ойда балиқларимиз бир килограммлик бўлади, – дейди Ғафуржон Файзуллаев. – Демак, ана шу 1,5 тонна балиғимиз 6 ойда 22 миллион, бир йилда 45 миллион сўм даромад беради. Балиқлар етилгач, килограммига 15 минг сўмдан тўлаб, таъминотчимизнинг ўзи қайтариб сотиб ҳам олади. Бу йил яна тадбиркорлигимизни кенгайтириб, иссиқхона ҳам қилмоқчимиз. 
 
“Арабхона” маҳалласида яшовчи Учқун Жаҳонов ҳам 10 сотихлик томорқасида ўз ҳисобидан иссиқхона қуриб, 4 сотихига картошка, 3 сотихига бодринг, қолган 3 сотихига эса помидор эккан. Помидор ниҳолларининг орасига булғор қалампири экиб, шу кунга қадар булғор қалампирининг ўзидан 10 миллион сўмдан ошиқ фойда кўрган. Картошкадан ҳам 7,5 миллион сўм даромад қилган. Картошкани тугатиб, унинг жойига яна жайдари помидор эккан.
 
– Иссиқхоналаримиз икки услубда қурилган, – дейди Учқун Жаҳонов. – Масалан, термос усулидаги иссиқхонамизнинг маҳсулотлари 15 кун олдин тайёр бўлади. Булардан ташқари помидор ва булғор қалампирининг ниҳолларини ҳам бутун маҳаллага етиштириб берамиз. Йиллик даромадимиз 50 миллион сўмни ташкил қилади.
 
– Туман аҳолисининг реал даромадларини ошириш учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида қатор лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқдамиз, – дейди Кармана туман ҳокимлиги иқтисодиёт ва саноат бўлими бошлиғи Шерзод Зайниддинов. – Шу кунга қадар 22 хонадонга тижорат банкларидан 660 миллион сўмлик кредит олишида кўмаклашдик. 
 
photo5447418304575679440.jpg
 
“Арабхона” маҳалласи аҳолиси 100 фоиз деҳқончилик билан шуғулланади. Бу дегани шу маҳаллага тегишли 84,1 гектар ернинг ҳар бир қаричи даромад келтирмоқда. 36 хонадонга 8 фоизлик имтиёзли кредит билан иссиқхона қуриб берилди. 
 
Шу маҳалладаги Дилором Файзиева ҳам оиласи билан 10 йилдан буён гулчилик билан шуғулланади. 6 сотих ерга оилавий бюджетидан 3 та иссиқхона қуриб, эртапишар ва кечпишар бодринг ҳамда 4 минг 600 дона гладиолус эккан. Тошкентдан олиб келинган гладиолусларнинг ўзидан ҳозиргача 3 миллион сўм соф фойда кўрган.
 
– Ҳар йили гул экиб, сотувга чиқарамиз, – дейди Дилором Файзиева. – Турфа гуллардан парвариш қилиб, тажриба орттиряпмиз. Бу йил гладиолус экдик, тугаши билан унинг жойига хризантема экамиз. Сентябрга хризантемаларимиз бозорга чиқади. Гладиолус гулларининг донасини 2-2,5 минг сўмдан сотдик.
 
Шу маҳалланинг яна бир хонадонига ташриф буюрилди. Бободеҳқон Ҳусен Нуримов билан учрашилди. Паррандачилик билан шуғулланишни бошлаган тадбиркор оила соҳиби апрель ойида 8 фоизлик 30 миллион сўм кредит олиб, дастлаб 1 минг 340 та, кейинчалик 1 минг 500 та жўжа олиб тадбиркорликни бошлаган.
 
Парранданинг дастлабки етилганларини сотувга чиқарилди. Товуқларнинг ҳар бирини 8,5 минг сўмдан топширилди. Шу билан барча харажатлар қопланди. Тадбиркорнинг ўзининг таъкидлашича яна 35 кунда фойдага киради.
 
photo5444989930066520765.jpg
 
photo5447418304575679429.jpg
 
photo5444989930066520768.jpg
 

 

Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА