Баҳорги ёғингарчилик чигитга қандай таъсир қилди?

.

Бу йил баҳор фаслининг салқин ва серёғин келиши иссиқсевар ўсимлик ҳисобланган пахтачиликда муайян муаммоларни келтириб чиқарди. Далаларда ғўзанинг ривожланиши ўтган йилларга қараганда анча орқада қолмоқда.
 
 Бу эса ғўза парваришига алоҳида эътибор қаратишни, айниқса, культиваторлардан самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, яганалаш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш ва бошқа агротехник тадбирларни амалга оширишга ўта масъулият билан ёндашишни тақозо этади.
 
Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермерларга мурожаат қабул қилди.
 
– Бир неча йилдан буён катта майдонларда ғўза ўстириб, мўл ҳосил олиб келмоқдамиз, – дейди Пскент туманидаги "Ҳожиев Довудбек" фермер хўжалиги раҳбари Сайёра Хожиева. – Айни вақтда 307 гектар еримиз бор. Шундан 144 гектарида ғўза етиштирамиз. Аслида 20 мартда ерларимизга "Султон" пахта навини эккан эдик. Бироқ, ёғингарчилик кўп бўлгани боис чигитлар чириб қолди. Апрелда қайтадан тезпишар "Порлоқ" навини экдик. Ҳозир чигитимиз яхши ривожланмоқда. Культивация бошладик. Яқинда ягана қиламиз. Гектарига мингтадан ортиқ олтинкўз чиқардик. Икки гектарга биттадан ферамон тутқич қўйилди. Дала четларига олтингугурт пуркадик. Насиб бўлса, гектаридан 40 центнердан ошиқ ҳосил олмоқчимиз.
 
photo5397650641616218894.jpg
 
Қайд этиш жоизки, мазкур мурожаатда бир қатор вазифалар белгиланган бўлиб, унда мавсумий ишларга ҳақ тўлашга ҳам кўрсатма берилган. Яъни бир гектар майдон чопиғи учун 300 минг сўм, яганасига 200-250 минг сўмдан, механизаторларга бир гектар культивация учун 18 минг сўм тўлаш кераклиги айтилган.
 
– Бу маблағларни Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ажратмоқда, – дейди Шаҳрихон туманидаги "Янги тадбир" уруғчилик фермер хўжалиги раҳбари Ҳамида Воҳидова. – Нарх-навонинг белгилаб берилгани яхши бўлди. Айни вақтда биз "Шаҳрихон саховат текс" билан шартнома тузганмиз. Чигит экиш даврида уни дорилаб, экиш учун гектарига 300 килограммдан минерал ўғит етказиб беришди. Ҳозирда эса озиқлантириш тадбирларини бошлаганмиз. Бунда ҳам ҳар гектар экин учун 350 килограмм минерал ўғитни етказиб беришди. Келиб, экинни ҳолатини кўриб, агрономлар тегишли маслаҳатларни бермоқда. Гектаридан 50 центнердан ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. 
 
Фермердан “ёғингарчилик даладаги чигитга қандай таъсир қилди, бузиб, экдингизми”, дея сўраганимизда чигит плёнкада экилгани боис серёғин апрель ойи уларга таъсир қилмагани ҳақида жавоб олдик. Айни вақтда пахта баравж кўкариб, дорилаш, ўғит бериш ишлари, яъни биринчи озиқлантириш юмушлари якунланибди.
 
Албатта, тажрибали фермерлар ҳозирги масъулиятли паллада сифатли бажарилган агротехника тадбирлари туфайли яратилажак мўл ҳосил, ундан келадиган даромаддан ҳаммамиз наф кўришимизни яхши билади. Шу боис агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш чоралари кўрилмоқда. Ўз вақтида қабул қилинган мурожаат эса бу борада мулкдорларга маънавий кўмак бўлгани шубҳасиз.
 

 

Сайёра Шоева, ЎзА