Аграр соҳа тадқиқотчиларининг лойиҳалари

.

2019 йил – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 
 
Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ихтирочи аёллар маркази ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган “AGROWOMENUZ” форуми доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали изланаётган хотин-қизларнинг илмий тадқиқотларига бағишланган кўргазма ҳам иш бошлади.
 
Феруза Рашидова ландшафт дизайни бўйича самарали изланаётган тадқиқотчилардан саналади. У пойтахтимизда ўтказилган Landshaft Open.uz фестивалида, шунингдек, Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро танловда ғолибликни қўлга киритган.
 
photo5388860252310579858.jpg
 
– Бугунги кунда шаҳарларимизнинг чиройи, жозибадорлиги ландшафт дизайнига боғлиқ, – дейди Ф.Рашидова. – Бу кўргазма аграр соҳада изланаётган опа-сингилларимизнинг илмий тадқиқотлари, лойиҳалари билан кенгроқ танишиш имконини беради.
 
Нодира Ҳотамова Андижон қишлоқ хўжалиги институтида таҳсил олади. Унинг “Urban agriculture.uz” илмий лойиҳаси ер майдони чекланган ҳудудда интенсив усулда помидор, карам, булғор қалампири, кўкатлар етиштиришга қаратилган. Бунда сув ва меҳнат ресурсини тежашга алоҳида аҳамият берилган.
 
photo5388860252310579865.jpg
 
– Ҳали форум бошланмасиданоқ, қизиқарли маҳорат дарслари, ўқув семинарлар, ишланмалар тақдимоти бўлиб ўтмоқда, – дейди Н.Ҳотамова. – Буларнинг барчаси аграр соҳада изланаётган хотин-қизлар учун жуда катта аҳамиятга эга.
 
Кўргазмада аграр соҳада илмий изланиш олиб бораётган ёш тадқиқотчилар, олималар, селекционерлар, таянч докторантларнинг янги навларни яратиш, интенсив усулда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, балиқчилик, пиллачилик, ландшафт дизайни, ўсимликларни турли зараркунандалардан ҳимоялаш ва бошқа йўналишлардаги лойиҳалари билан батафсил танишиш имконияти бор.
 
photo5391006202655255520.jpg
 
Умуман, форум доирасидаги барча тадбирлар хотин-қизлар томонидан аграр соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича олинган натижаларни таҳлил қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ривожлантириш, уларни экспортга йўналтириш ҳамда соҳага инвеcтициялар жалб қилиш масалаларини муҳокама этиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
 

 

Н.УСМОНОВА, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА