Фермер аёллар учун янги лойиҳа

.

“Мақбуллаштиришдан кейин 90 гектар ер эгаси бўлиб қолдик. Бир неча йилдан буён ғалла, пахта, йўнғичқа, қовун-тарвуз ва дуккакли экинлар етиштириб келмоқдамиз. Боғимиз ҳам ҳосилга кирди. Айни вақтда иссиқхонада экинлар етиштиришни йўлга қўймоқчимиз. Ишни қандай бошлашни билмай турганимизда бизни олимлар ва фермер аёллар билан учрашувга таклиф этишди. Келганим яхши бўлибди. Ўзим учун бир қатор янгиликларни билиб олдим”. 
 
Бу сўзлар - Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги “Санжар Алимардон Умид” фермер хўжалиги раҳбари Асалхон Давронованинг фикрлари эди. 
 
Тўғри, ҳозирда турли йўналишдаги тадбирлар ва учрашувлар шу қадар кўпайиб кетдики, ўйлаб қоласан киши, бундан бировга фойда бормикан, деб. Бир қатор вилоятлардан “Қишлоқ хўжалиги ва агробизнес соҳасида аёл фермерларнинг билим ва тажрибаларини яхшилаш ҳамда ҳудудий университетлар тизимида ташкил этилган марказлар ҳамкорлигини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ўтказилган фермер хотин-қизлар учун семинар-тренингда иштирок этган фермерларимизнинг сўзларини тинглаб, қувондик, албатта.
 
Қайд этиш жоизки, 2018-2019 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа фермер аёллар ва инвесторлар билан инновацион ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ жойларида истиқболли инклюзив бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, фермер аёллар ишлаб чиқаришига инновацион технологияларни татбиқ этишда кўмаклашади. Уни Американинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва "Ўзбекистон агроахборот инновация" маркази ҳамкорликда амалга оширмоқда.
 
–Айни вақтда юртимизда икки минг тўрт юздан ортиқ хотин-қиз фермерлар фаолият юритмоқда, –дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Азиза Сайфиддинова.–Бу умумий фермерлар сонини учдан бирини ташкил этишини ҳисобга олсак, чекка ҳудудларда бандликни ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини кучайтириш ва маҳсулотлар экспортини оширишда аёлларимизнинг ўрнини белгилаб олиш мумкин. Лойиҳа доирасида ҳозирга қадар Тошкент ва Сирдарё вилояти фермер аёлларининг малакаси оширилди. Йил давомида бошқа вилоят вакилларининг ҳам малакасини ошириш режалаштирилган. 
 
Тадбир иштирокчилари, юртимизда донли экинлар етиштиришнинг инновацион технологиялари ва истиқболлари, фермер хўжаликларида пахтачиликни ривожлантиришнинг инновацион агротехнологиялари каби мавзуларда маърузалар тинглади. Тошкент давлат аграр университетининг биомарказида бўлишди, интенсив боғ, ғалла тажриба даласи, гидропоника иссиқхонасини кўриб, янги инновацион ишланмалар билан танишди.
 

 

ЎзА