Кўчат экишда адашмаслик сирлари

.

Боғларда баҳор кезмоқда. Шу кунларда маҳаллаларда, бозорларда суҳбатнинг авжи келгусида мўл ҳосил олиш учун бугун қандай кўчат экиш-у, алданиб қолмаслик учун уни қай манзилдан олган маъқуллиги ҳақида десам янглишмаган бўламан.
 
Яхшиям мевали боғларимизда тажрибали боғбонларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига маҳаллий ўрик, анжир, шафтоли, олма, қароли, гилос, олча, беҳи, хурмо сингари мевали дарахтлар кўчати кўпайтирилмоқда. Шу сабаб табиий тоза, сархил мева-чева бозорларимиз расталарини безаб турибди. Қишда ҳам арзон баҳода олма, узумни харид қиламиз-у, уни ким етиштирганини сира ўйлаб кўрмаймиз.
 
Аслида ҳар қандай меванинг асл ижодкори кўчатчилик билан шуғулланадиган миришкорлардир. Кўчат бўлмаса, ерга сифатли кўчат қадалмаса, боғбоннинг меҳнати рўёбга чиқмайди. Ҳар қандай миришкор, тажрибали боғбону соҳибкор ҳам кўчат тайёрлайдиган шахслардан сифатли, пайвандланган кўчатни харид қилиб, боғ-роғ яратади. Боғбонман, деганнинг ҳаммаси ҳам кўчат етиштира олмайди. Мевали дарахтлар кўчатларини ўстириш ва тайёрлаш ҳам аслида тубсиз илм. Шунингдек, керакли кўчатни харид қилиш ҳам айни кунларда маҳорат талаб этадиган ишга айланди, назаримда. Чунки, нобоп кўчат харид қилиб, унга вақт сарфлаб, аттанг, деб қолганларни сони кўпайиб бормоқда?
 
Демак, сифатли кўчат танлаш ҳам осон юмуш эмас экан-да. Шунинг учун кўчатлар сотиладиган расталарда ниҳол харид қилаётганда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида мутахассислардан сўраб кўрамиз.
– Кўчат танлашнинг нозик жиҳатлари кўп, – дейди Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти мутахассиси Мирносир Исроилов. – Масалан, шафтоли ва ўрик кўчатлари бир-бирига ўхшагани боис ҳамма ҳам уларни дарров ажратолмайди. Шунинг учун, энг аввало қайси навдаги мевали кўчатларни экмоқчи эканингизни аниқлаб олинг. Бунда албатта, ҳудудни ва навни ҳисобга олиш керак. Чунки, меваларнинг таъм хусусиятлари иқлим шароитига боғлиқ. Агарда экилган жой минтақаси навга тўғри келмаса, дарахт ҳосил бермаслиги ҳам мумкин. 
Экиш учун асосан бир ярим, икки йиллик ниҳоллар тавсия этилади. Негаки, бу ёшдаги ниҳоллар янги жойга тез ва осон мослашади. Харид чоғида кўчатни пайванд қилинган жойини синчиклаб кўздан кечириш керак. Пайванд ўрни яққол кўриниб тургани, кўчатнинг юза қисми силлиқ ва касаллик аломатлари бўлмаслигига эътибор қаратиш шарт. Шунингдек, нав танлашда адашмаслик учун кўчат танасининг рангига диққат қилинг.
 
Мисол учун, семиринко олма навидаги кўчатлар ана шу меванинг рангига мос яшил рангда, Голден олма кўчати сарғимтил, қизил олма кўчати эса қизғиш рангда бўлиши керак. Сифатли кўчатнинг танаси нам, илдизида кичик томирлар кўп бўлади. Асосий илдиз атрофида майда попук илдизлар қанчалик кам бўлса, бу ниҳолни тутиб кетиш имконияти шунча паст бўлади. –Энг муҳими, сотувдаги кўчатни илдиз қисми, албатта, кўмилган бўлиши керак, – дейди бухоролик боғбон Истам Ҳайитов.– Ваҳоланки, очиқ ҳавода икки соатдан ортиқ турган кўчатни харид қилиш тавсия этилмайди.
 
Яна бир маслаҳат. Сотувдаги кўчатларда унинг нави ва ўсган минтақаси ҳақида маълумот жамланган ёрлиқ бўлиши керак. Уруғлик мева кўчатларининг узунлиги 1,2-1,3 метр, данакли дарахт кўчатлар эса 1,5 метрдан ошмаслиги керак. Агарда кўчатлар бу меъёрдан паст ёки узун бўлса, кўчат етиштирувчи унинг парваришида хатога йўл қўйган. Майда шохлар ва ҳосил куртакларига ҳам аҳамият қаратиш керак. Кўчатнинг шохлари тиканга ўхшаган бўлса, уни харид қилмаган маъқул. У ёввойи пайвандтагдан ўстирилган бўлиши мумкин. Бу эса келгусида сиз истаган миқдордаги ва сифатдаги ҳосилни бермаслиги мумкин.
 
Агарда кўчат экишда мутахассислар ва боғбонларнинг бу тавсияларга риоя қилсангиз, боғингиздан барака аримайди.
 

 

Сайёра Шоева, ЎзА