Наврўз – дўстлик айёми

.

Наврўз – одамларни ўзаро ҳамжиҳатликка, тинчлик, ёру биродарликка чорлайдиган қутлуғ байрам ҳисобланади.
 
Шу кунларда Наврўз байрами билан боғлиқ тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда. Аҳамиятлиси шундаки, бу байрамни Ўзбекистонда яшайдиган 130 дан ортиқ миллат вакиллари якдилликда, бироқ ўзига хос тарзда нишонлайди.
 
IMG_0969.JPG
 
Наврўз туркий халқларнинг қадимий байрами ва у халқларни ўзаро тинч-тотувликка чорлайди. Ўзбекистонда ҳар йилги Наврўз тантаналарида турли миллат вакиллари ҳам фаол иштирок этади, – дейди Озарбайжон миллий маданий маркази раҳбари Фирдуси Гусейнов. – Улар ўзларининг урф-одати, либослари, қўшиқлари, рақслари, таомлари кўргазмасини намойиш этади. Озарбайжонлар тахминан 15-20 сантиметр ўсган буғдой атрофига қизил боғич боғлаб, табиатнинг рамзий очилиш байрами сифатида уни дастурхон устига қўйади. Бу Наврўз келганидан бир нишона саналади.
 
Уларнинг Кўса ва Кечал каби фақат Наврўзгагина хос бўлган комик қаҳрамонлари ҳам бор. Кўса – қиш, Кечал – ёз бўлиб, қиш ўз ўрнини ёзга топширади. Озар миллий ошхонасида дўлма, ош, хон оши, кутаблар, ширинликлардан паҳлава, шакарбўра, гўгал каби хилма-хил таом ва ширинликлар пиширилади. 
 
фото Шахина  в АзКЦ.jpg
 
Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистонда яшаётган турли миллат вакиллари учун Наврўз байрами ташкил этилади. Байрам тантаналарига миллатидан қатъий назар, барча биргаликда иштирок этиб, баҳорий айёмни нишонлайди. Меҳмонлар урф-одатлар, кийимларини намойиш этади. Барча миллатлар бир-бирининг миллий таомларидан татиб кўради. Мазкур айёмида дўстликни тараннум этувчи ана шундай манзарага гувоҳ бўлишингиз мумкин. Шу жиҳатдан Наврўз нафақат тинчлик, ҳамжиҳатлик, балки дўстлик айёмидир. 
 

 

И.Аҳатова, ЎзА