Қишлоқ хўжалигида янги тажриба амалиётга жорий этилади

.

Мамлакатимизда ихтиёрийлик ва ўзаро иштирок тамойиллари асосида мустақил ва ўзаро боғлиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг кооперацион бирлашиши институти жорий этилмоқда.
 
Мазкур механизмга биноан бошланғич лойиҳалар сифатида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Зомин, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманларида қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилади. Ушбу қишлоқ хўжалиги бирлашмалари мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва сотишда фаолият олиб бориши кўзда тутилган.
 
Тажриба-синов босқичи 2019-2020 йилларда амалга оширилади ва унинг якунларига кўра, қишлоқ хўжалиги бирлашмаларининг кооперацион бирлашуви институтини республиканинг бошқа ҳудудларида татбиқ этиш режалаштирилган.
 
Кооперацион бирлашув институтининг анъанавий тизимдан асосий афзалликлари мева-сабзавот маҳсулотлари бозорларини маркетинг-таҳлил қилиш, қишлоқ хўжалиги техникасидан биргаликда фойдаланиш, сотувларни марказлашган ҳолда йўлга қўйиш, маҳсулотларни ишлаб чиқариш юзасидан келишилган чора-тадбирларни амалга ошириш каби рақобатда устунликка эришишга кўмаклашувчи имкониятлар мавжудлигидан иборат.
 
Фермер хўжаликларини янги тизимга жалб қилиш мақсадида давлат томонидан бир қатор рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда.
 
2019 йил 1 мартдан бошлаб ихтисослашган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва уларни кейинчалик алмаштириш тўғрисидаги қарорни мустақил равишда қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
 
Бундан ташқари, Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кўчатлар ва сертификатланган уруғларни ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини харид қилиш учун тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатлари қисман қопланади.
 
Қўллаб-қувватлаш тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган, валютада бериладиган кредитлар бўйича 1,5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган миқдорда амалга оширилади.
 
Қишлоқ хўжалиги бирлашмаларидан мева-сабзавотларни сотиб оладиган экспортчилар ҳам давлат томонидан Давлат бюджети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ва жалб этиладиган халқаро молиявий институтлар маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватланади.
 
Субсидия қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларини мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришнинг янги технологияларига ўргатиш, агротехник тадбирлар мониторингини ўтказиш ва мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизини ташкил этади.
 
Қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига аъзолик ихтиёрий ҳисобланади ҳамда таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда кириш аъзолик бадалларини тўлаш асосида амалга оширилади.
 
Ушбу механизм мева-сабзавотчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратиш, сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва унинг экспорти барқарорлигини таъминлаш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
 
Қайд этилган кооператив механизм Нидерландия, Норвегия, Дания, Швеция, Финляндия ва Япония каби бир қатор давлатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг 100 фоизини бирлаштиради.
 
Франция ва Германияда 86 фоиз, Хитойда 2 миллионга яқин бирлашмалар рўйхатга олинган ва фермерларнинг 47 фоизи ушбу бирлашмаларга аъзо бўлган. Россияда 5,8 мингта, Қозоғистонда – 2,8 мингта бирлашма мавжуд.
 

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА