Чигит экиш бошланди

.

Сурхондарё вилояти пахтакорлари жорий йилда 74 минг гектар майдонда ғўза ниҳолларини парваришлайди. Тажрибали фермерлар об-ҳавонинг мўътадил келаётганидан фойдаланиб, эрта баҳордан чигит экиш юмушларини бошлаб юборди.
 
Айни пайтда вилоятнинг Ангор, Қизириқ, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Термиз, Шеробод туманларида оби-тобига келган майдонларга бир текис чигит қадалмоқда.
 
Жарқўрғон тумани фермерлари 7 минг 500 гектар майдонда пахта етиштиради. Тумандаги енгил қумоқ ва қумлоқ майдонларга барака уруғи қадаш уюшқоқлик билан амалга оширилаётир. “Замин оқ олтини” фермер хўжалиги 47 гектар майдонда “Султон” навли пахтадан мўл ҳосил етиштиришни мўлжалламоқда.
 
– Чигитни даладаги намлик ва ҳароратни ҳисобга олиб, пушта устига сифатли қадашга алоҳида эътибор бераяпмиз, – дейди “Замин оқ олтини” фермер хўжалиги раҳбари Ш. Саттаров. – Пушта ердаги намни узоқроқ сақлаб, ниҳолларнинг эрта ва бир текис ўниб чиқишига кўмаклашади. Наврўз байрамигача мавжуд майдонларга чигитни экиб бўлиб, ниҳоллар ўниб чиққан майдонларга ишлов беришни бошлаймиз.
 
Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, бу йил пахтакорлар экин майдонида “Султон”, “Бухоро-102”, “Наманган-77”, “Бешқаҳрамон” каби ўрта ва “Иолатан-14 А” навли ингичка толали ғўза ниҳоллари парваришланади.