Ерни алдаб бўлмайди...

Фарғоналик миришкорлар ерни алдаб бўлмайди, деб кўп такрорлашади.

Дарҳақиқат, ерга меҳр бериб, у билан тиллашган деҳқон кафтдек жойдан ҳам яхши даромад олиши, томорқасидан рўзғорини бемалол тебратиши мумкин.
 
Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан жойларда томорқадан фойдаланиш самарадорлиги ўрганилганда 45 фоиз аҳоли томорқадан намунали, 50 фоиздан ортиғи қониқарли фойдаланаётгани аниқланган. Томорқани баҳорги экинга тайёрлаш ва экиш ишларини ташкил этишда баъзи камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш учун ушбу соҳага дахлдор барча давлат ва нодавлат ташкилотлари масъулиятини ошириш чоралари кўрилмоқда.
 
Бугунги кунда шаҳар ва туманларда ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, йилига 3-4 марта ҳосил олишга эришаётган, иссиқхона барпо этиб, нафақат оиласи дастурхони, балки бозорга ҳам сархил маҳсулотлар етказиб бераётган миришкорлар сафи кенгаймоқда.
 
Вилоят ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари томонидан 14 та туман ҳамда Қувасой ва Фарғона шаҳарларида илғор томорқачилар иштирокида кўргазмали семинарлар ташкил этилаётир. Намунали хонадонлар мисолида томорқадан фойдаланиш қандай бўлиши, ҳужжатлар ижроси ва улардаги мезонлар, тартиб-интизом, имкониятлар, тўлов ва солиқлардаги имтиёзлар тушунтирилмоқда. Жумладан, февраль-март ойларида экин экиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудудда ташаббуслар кўлами кенгайди. Хусусан, Қува томорқачилари уруғдан, Фурқат туманида эса иссиқхоналар учун лимондан кўчат етказиб бериш таклифи илгари сурилди. Бешариқ, Ўзбекистон, Данғара, Учкўприк, Бувайда, Бағдод, Риштон, Олтиариқ, Ёзёвон туманларида ҳам шундай ташаббуслар билдирилди.
 
Тошлоқ туманида 31 минг 383 та аҳоли хонадонида 3 минг 66 гектар томорқа майдони мавжуд. Арабмозор, Қанжирға, Заркент, Янгийўл каби маҳаллаларда кўплаб оилалар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласини ҳам, бозорни ҳам арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминламоқда.
 
“Қанжирға” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилором Отабекованинг айтишича, ҳудуд аҳолисининг 90 фоизи томорқадан самарали фойдаланади. Хусусан, Адҳамжон Ҳошимовлар оиласи томорқачилик ҳадисини олган. Айни кунларда 4 сотих иссиқхонада карам кўчати парваришланмоқда. Шунингдек, плёнка остида эртаки карам етиштирилаётир.
 
– 20 йилдан буён кўчат ва бошқа сабзавотлар етиштириш билан шуғулланамиз, – дейди А.Ҳошимов. – Оила аъзоларим ҳам шу иш билан банд. Мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, карамнинг ҳосилдорлигини оширишга эришдик. Очиқ майдонда гектаридан 100-150 тонна карам етиштиряпмиз. Албатта, даромад ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда.
 
Яккатут қишлоғидаги 100 дан ортиқ хонадонда плёнка остида редиска етиштирилади. Ҳосил йиғиштириб олиниши билан хонадон соҳиблари помидор, бодринг, булғор қалампири каби турли сабзавот экинлари экиб, парваришлашга киришади. Бугунги кунда тумандаги “Арабмозор” маҳалла фуқаролар йиғинида 600 га яқин хонадонда иссиқхона ташкил этилган. Лимон етиштириш тажрибасини маҳаллий ёшларга ўргатаётган соҳибкорлар 2-4 сотих кичик иссиқхонада ҳам фаровонлик манбаи яратган. Шу маҳаллада яшовчи Орифжон Қўрғоновлар оиласи ҳам кафтдек ердан салмоқли даромад олади. Унинг томорқасида етиштирилаётган помидор, карам ва лимонни кўриб, ҳавасингиз келади. Бу оила томорқадан йилига 50-60 миллион сўм соф даромад олмоқда.
 
Бугун ҳаётнинг ўзи ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, ақл ва уддабуронлик билан иш юритишни тақозо этмоқда. Айни пайтда “Чек” маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 800 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Малоҳат Боймирзаева ҳамроҳлигида ҳудуддаги 5 та кўча бўйлаб айланар эканмиз, хонадон эгалари ўз томорқасида редиска, сабзи, саримсоқпиёз, помидордан даромад олиш борасида катта тажрибага эга эканига гувоҳ бўлдик.
 
Аммо мазкур маҳалладаги баъзи томорқа эгалари айни йўналишда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари моҳиятини тушунмаслиги туфайли ҳатто ўз оиласи тирикчилиги учун баҳорги экинлар экишни ҳам хаёлига келтираётгани йўқ. Бундай томорқалар ўтган йили кузда олинган ҳосил чиқиндисидан ҳам тозаланмаган. Хонадон эгалари билан суҳбатлашсангиз, турли баҳоналарни рўкач қилишади. Ваҳоланки, улар билан бир хил шароитда яшаб, томорқадан яхшигина даромад олаётган оилалар кўпчиликни ташкил этади.
 
– Ўтган йили редиска ва саримсоқпиёз сотишдан 9 миллион сўм даромад олдик, – дейди шу маҳаллада яшовчи Фозилжон Ражабов. – Лекин маҳалламиздаги барча оилалар ҳам томорқадан унумли фойдаланмайди. Баъзи томорқа эгалари меҳнатга унчалик ҳуши йўқлиги сабаб ернинг уволига қолмоқда.
 
Томорқасини ўт-ўлан босган ана шундай хонадон эгалари ҳақида маҳалла раисидан сўраймиз. Каттагина томорқа бўм-бўш бўлиб ётган оилаларнинг бири кам таъминланган, иккинчиси боқувчисини йўқотган, учинчисининг фарзанди ишлаш учун хорижга кетган бўлади. Бир қўшни ихчамгина иссиқхонада йилига 15-18 миллион сўм даромад топади, иккинчи қўшни эса шундай даромад олиши мумкин бўлган ерни қаровсиз ташлаб, хорижга пул ишлагани кетади. Бу – баъзи оилаларнинг ҳаётий фалсафаси. Аслида томорқа – туганмас хазина, у эса юртидан, оиласидан олисда аниқ манзили йўқ хазиналарни излаб юрибди.
 
Маҳалладаги сув йўллари тозаланмаган, ариқ ва сойлар атрофи чиқинди билан тўлиб-тошган. Кўча бўйлаб тартибсиз экилган тераклар маҳалла манзарасини бузган. Биргина ана шу ҳолатнинг ўзи ҳам маҳаллани обод қилиш, озода сақлаш борасида ўзаро уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик йўқлигидан далолат беради.
 
Катта магистраль бўйидаги Бахт кўчасида ҳам айрим томорқаларнинг аянчли ҳолати унинг эгалари ҳали қиш уйқусидан уйғонмаганини кўрсатмоқда. Маҳалладошлар билан суҳбатлашсангиз, бири яқин кунларда редискани бозорга олиб чиқишини таъкидлайди. Бу хонадонга ёнма-ён жойлашган томорқа эгаси эса ерни баҳорги экишга тайёрлаш тугул, ўтган йилги чиқиндини ҳам чиқармаган. Қўшни томорқадаги иссиқхона кўзингизни қувнатади, бошқа бир томорқа унутилган манзилдай ёрдамга муҳтож ҳолатга тушиб қолган.
 
Қанжирға маҳалласида яшовчи Шуҳратжон Ўрмоновлар оиласи анча йиллардан буён томорқадан самарали фойдаланиб келади. Аммо мутасаддилар унга амалий ёрдам беришни негадир пайсалга солиб келмоқда.
 
– Томорқадаги иссиқхоналарни замонавий қайта қуришни режалаштиргандим, – дейди Ш.Ўрмонов. – Фарзандим Турсунали 2017 йилда иқтисодиёт коллежини тамомлади. У имтиёзли кредит олиш мақсадида керакли ҳужжатларни тайёрлади. Ўзим ҳам тижорат банкига кредит олиш бўйича мурожаат қилдим. Барча ҳужжатлар жойида бўлса-да, на менга ва на ўғлимга кредит берилмади. Фақат ойлаб банкка қатнаб, сарсон бўлганимиз қолди, холос.
 
Ҳа, бугунги кунда ўз томорқасида иссиқхона ташкил этишни режалаштириб, банкдан кредит ололмаётган оилалар ҳам бор. Шунингдек, кўпчилик бугунги кунда томорқа билан шуғулланиб келаётган бўлса-да, меҳнат дафтарчаси очилиши бўйича маълумотга эга эмас.
 
Томорқа – бу шунчаки экин майдони эмас, балки оила фаровонлиги омилидир. Тумандаги сектор раҳбарлари ҳам бу борада амалий чора-тадбирлар кўриши лозим.
 
 
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА