Ҳосилдорликни ошириш бугунги ҳаракатга боғлиқ

.

Фарғона вилояти деҳқонлари жорий йилда 107 минг гектардан ортиқ майдонда бошоқли дон экинлари парваришламоқда.
 
Соҳибкорлар буғдойнинг ҳар гектаридан ўртача 52,1 центнердан ҳосил кўтариб, 561 минг 120 тонна бошоқли дон тайёрлаб, шартнома асосида 307 минг 850 тонна дон сотишни режалаштирган.
 
Ғалладан мўл ҳосил олиш, ҳосилдорликни ошириш бугунги ҳаракатга боғлиқ. Айни кунларда ғаллани азотли ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш каби тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда 4 та сектор раҳбарлари билан бирга ғалла ҳосилдорлигини камида 30 фоизга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.
 
Бошоқли донларнинг “Гром”, “Аср”, “Давр”, “Замин”, “Чиллаки” каби навлари етиштирилмоқда. Юқори ҳосилдорликка эришиш учун бонитет бали паст ва кеч экилган майдонларга қўшимча ишлов бериш ташкил этилди. Бунда ҳар гектар майдонга 5 тоннадан 10 тоннагача чириган маҳаллий ўғит чиқарилди. Ҳар гектар майдонга 50 килограммгача азотли ва фосфорли ўғит аралашмаси сепиб чиқилиши таъминланди. Ғалла майдонларида бегона ўтлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш борасида ҳам ишлар давом этмоқда.
 
9.JPG
 
Ёзёвон туманида 138 фермер хўжалиги томонидан 6 минг 840 гектар майдондаги ғалла майсаларининг баравж ривожини таъминлаш ишлари изчил олиб борилмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан айрим ҳудудларда майса ривожи суст экани аниқланиб, минерал ўғитлар билан таъминланди. Агротехник тадбирларни сифатли бажаришга эътибор кучайтирилди.
 
Тумандаги “Баҳромбек” фермер хўжалиги ғалла ва пахта етиштиришда катта тажриба тўплаган. Айни кунларда 84 гектар майдонда ғалла парваришланмоқда. Бу ердаги баравж буғдой майсаларини кўрган киши, албатта, деҳқон меҳнатига тасанно айтади.
 
6.JPG
 
– Кунлар исиб, баҳор келиши билан дала юмушлари ҳам бошланиб кетди, – дейди фермер хўжалиги бошлиғи Олимжон Мамадалиев. – Айниқса, ғалла парвариши барча агротехник тадбирлар асосида олиб борилмоқда. Азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар ўз вақтида етказиб берилмоқда. Иккинчи озиқлантириш ишларини якунладик. Ҳосилдорликни 70 центнердан оширишни режалаштирганмиз.
 
Мавсумда масъулиятсизликка асло йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси бошлиқлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда баҳорги дала ишларига янада масъулият билан ёндашмоқда.