Сабзавотчиликда пиёз ва саримсоқнинг зараркунанда, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тадбирлари

        Сабзавот экинларидан пиёз ва саримсоқ парҳез, шифобахш ва овқат ҳазм қилишлик, бактерицид хусусиятларга эга ҳамда фойдали витаминлар ва эфир мойларига бой сабзавот турларидан ҳисобланиб, кундалик эҳтиёждан ташқари қайта ишлаш саноатида ҳам кўп миқдорда қўлланилади.

       Пиёз ва саримсоқ – икки йиллик пиёзгулдошлар оиласига мансуб  ўтсимон ўсимлик бўлиб, инсон организми учун жуда фойдали маҳсулот сифатида истеъмол қилинади. Таркибида фитонцидлар, эфир мойи, С ва В витаминлари, органик кислоталар ва инсон организми учун керакли бўлган бошқа моддалар мавжуд.

        Сабзавотчиликда пиёз ва саримсоқдан мўл ва сифатли маҳсулот олишнинг асосий омилларидан бири зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишдир. Пиёз ва саримсоқни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш чоралари кўрилмаса  ўртача 30 – 40 % ҳосил нобуд бўлади.

        Пиёз ва саримсоқпиёз экинлари орасида жағ-жағ, сассиқпоя, қуртэна, салатўт, чумчуқтили, мойчeчак, ёввойи турп, аччиқўт, юлдузўт, олабўта, қизилтасма, бангидeвона, исмалоқ каби бир йиллик икки паллали ва ғумай, ажриқ, сув ўтлари каби бошоқли бегона ўтлар кенг тарқалган.

        Пиёз ва саримсоқ экинларининг бегона ўтларни йўқотишда гербицидлардан фойдаланиш юқори  самара беради.  Бунда бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтларни йўқотиш учун уруғни экишгача ёки униб чиққунига қадар гектарига Пендиметалин асосли  (Энтостоп 33% эм.к., Стомп, 33% эм.к., Зорро, 33% эм.к., Стоп 33% эм.к. 2,3,0-4,5 л/га), Прометрин асосли (Энтогард 50% сус.к. Гезагард, 50 % сус.к.) гербициди 4,0–6,0 кг ни 300 литр сувга аралаштирилиб тупроққа сепилади.

       Пиёз ва саримсоқпиёзни ниҳолларида 3–4 тадан чинбарглик даврида бир ва кўп йиллик бошоқли бегона ўтлар(ажриқ, ғумай, сув ўтлари ва бошқалар)га қарши бегона ўтларнинг бўйи 5–10 см бўлганда гектарига Флуазифоп-п-бутил асосли (Легион супер 12,5% эм.к., Фюзилад супер, 12,5 % эм.к., 1,0–2,0-4,0 литр), ёки Сетоксидим асосли (Набу, 20% эм.к. 1,5 литр), Галоксифоп-R-метил асосида ишлаб чиқилган (Зелдек экстра, 104 л/г эм.к.,Зеллек супер, 104 л/г эм.к. 1,0 л/га) препаратларини қўллаш тавсия этилади.

       Пиёз экинларининг бир йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши  2-4 та чин барг чиқарган даврда ишловлар гектарига Оксифлуорфен асосли (Оксигол 24% эм.к., Гоал 2Е, 24% эм.к., Оксигард 24% эм.к.) 0,5-1 литр, ҳамда бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтларга қарши Ноугрин 28% эм.к. 1,5-2,0 литрдан қўллаш тавсия этилади.

Гербицидларни тракторга осиб ишлатиладиган ОВХ, ВП-1, моторли қўл пуркагичлари ёрдамида 300 литр ишчи суюқлиги ҳисобида сепилади.

Пиёз экинларини зараркунандаларидан пиёз пашшаси, тамаки трипси, ширалар ўсув даврида жиддий зарарлайди.

       Пиёз пашшаси – барча пиёз экиладиган ҳудудларда учрайди. Бу зараркунанда саримсоқ ва пиёзнинг ҳосилдорлиги  20-25 фоизга камайтириб, бозорбоплиги сифати пасаяди. Пиёз пашшасининг катталиги 6-7 мм, ранги сарғиш-кулранг, қуртларининг олд томони ингичкалашиб келган, тўқ сариқ ранг, оёқсиз, узунлиги 9-10 мм келади. Орқа қисми тўмтоқ. Ғумбаги жигарранг, сохта пиллага ўралган бўлади. Пиёз пашшаси ғумбак шаклида тупроқда 10 – 20 см чуқурликда қишлайди. Вояга етган пашшалар қоқиўт, олча гуллаганда учиб чиқиб, 5-10 кун гул нектари билан озиқланиб, тухум қўя бошлайди. Урғочи пашшалар тухумларини 5-20 тадан тўп-тўп қилиб ёки биттадан барг қинчаларига, илдиз бўғзи атрофидаги тупроқ ёриқларига қўйишади. Урғочи пашшалар 50 – 60 кун яшаб 150 – 200 тагача тухум қўйишади. Тухумдан чиққан личинкалар пиёзбошга барглар асосидан ёки илдиз тарафдан кириб олиб, у ерда 15 – 20 кун ривожланади. Битта пиёзбошда 50 тагача личинка ривожланиши мумкин. Ўзбекистон шароитида зараркунанда йилига 4-5 марта авлод бериб ривожланади.

    

1-расм. Пиёз пашшасининг етук зоти (чапда) ва ғумбаги (ўнгда).

     Тамаки трипси- пиёз, карам, тарвуз ва бодринг ўсимликларини кучли зарарлайди. Трипс пиёз баргининг ширасини сўриб, зарар етказади. Зарарланган баргларда оқиш-кумушранг доғлар пайдо бўлади, кучли зарарланганда доғлар қўшилиб кетади, барглар йиртилиб кетади ёки буралиб, сарғайиб, қуриб қолади. Битта урғочи трипс ёш баргларга 100 тагача тухум қўяди. Қулай шароитда трипс сони бир туп ўсимликда 1000 тадан кўп бўлиши кузатилган. Бир йилда 7-8 авлод беради.

   

2-расм. Тамаки трипсининг личинкаси (чапда) ва етук зоти (ўнгда).

Тамаки трипси жағ-жағ, ёввойи турп, қуртэна, қўйтикан, қўйпечак, сарсабил, отқулоқ, ерқалампир каби бегона ўтларда ёппасига кўпаяди.

        Зараркунандаларга қарши курашда кимёвий ишловни одатда бу зараркунанда ҳашаротлар тарқалган ерларда, ўсимлик зарарланганлиги кўзга ташланганда ёки 3-4% ўсимлик зарарланганлигида бошланиши лозим. Зараркунандаларга қарши Циперметрин асосли (энтометрин 25 % эм.к. 0,5 л/га,  циперметрин, 25 % эм.к. 0,5 л/га, циракс, 25 % эм.к. 0,5 л/га) Дельтаметрин асосли (дельтацис 2,5 % эм.к. 0,3 литр, децис, 2,5 % эм.к. 0,3 л/га) уруғлик экинларида Диметоат асосли (БИ–58 (янги), 40 % эм.к. 0,5–1,0 л/га, данадим экспорт, 40 %  эм.к.  0,5–1,0 л/га) препаратларни қўллаш тавсия этилади.

Кичик майдонларда (ахоли томорқаларда) ишлов ўтказилганда 10 литр сув сиғимли К–45 осма пуркагичда ишловлар ўтказилади. Бунда 10 литрли пуркагичларда Циперметрин асосли (энтометрин 15 гр, циперметрин 15 гр, циракс 15 гр) Дельтаметрин асосли (дельтацис 10 гр, децис 10 гр) Диметоат асосли (БИ–58, (янги) 15 – 30 гр, данадим эксперт 15 – 30 гр). сарфланиши ва тайёр бўлган 10 литр ишчи аралашма 3 сотих экин майдонга етказилиши лозим.

Пиёз экинларида сохта ун-шудринг, фузариоз, илдиз чириш касалликлари жиддий зарар етказади.

Пиёзнинг сохта ун шудринг (мильдью, пероноспороз) касаллигини  Peronospora schleideniana оомицет замбуруғи қўзғатади. Касаллик пиёз ва саримсоқни зарарлайди. Касаллик қўзғатувчи замбуруғлар  пиёзбошларда уларни чиритмасдан мицелий шаклида ва ўсимлик қолдиқларида ооспоралари ёрдамида қишлайди. Уруғлик экилгандан сўнг касаллик ривожланиб саримсоқ ва пиёзни зарарлайди. Касалланган ўсимликнинг барглари оч-яшил, сўнгра сарғиш тус олади, устида олдин оқ, кейин кулранг-бинафша тус олувчи юпқа моғори қатлами ҳосил бўлади. Зарарланган барглар сарғаяди ва сўлади, ўқбарглар синади. Улар шамол орқали тарқалиб кўпаяди ва ўсув даврида касаллик 7 марта авлод беради.

      Пиёзбоши тагидан ёки фузариоз чиришини Fusarium oxysporum f. cerae замбуруғи қўзғатади. Ўсимликларнинг барглари сарғаяди ва тепасидан бошлаб чирийди. Илдизларидан бошлаб чириб кетади. Пиёзбошлар ташқи белгларсиз зарарланиши мумкин. Уни бўйига кесилса, бўғзи ёки ички қатламларидан бир нечтаси юмшагани, баъзан қўнғир тус олгани, қатламлар орасида оч пушти ёки оқ моғор пайдо бўлгани кўринади. Қуруқ об-ҳаво шароитида зарарланган пиёзбош қаттиқ, қуруқ ва буришган бўлиб қолади. Пиёз ва саримсоқнинг касалликларга қарши ҳимоя тадбирлари ўтказилмаса, ўсимлик заиф бўлиб, сарғаяди, кучли тарқалганда нобуд бўлади. Касалликларга қарши  гектарига Пенканазол асосли (Энтопаз экстра 10% эм.к. 0,125-0,15 л/га, Топаз 10%  эм.к. 0,125–0,15 л/га), Цимоксанил+мис хлорокиси асосли (Энтохлорок плюс (42 г/кг+397,5г/кг) н.кук. 2,5–3 кг/га,  Курзат Р (42 г/кг+397,5г/кг) н.кук. 2,5–3 кг/га) Манкоцеб+металаксил М асосли (Ридомил голд мц 68 % с.д.г. препаратини 2,5л/га) препаратларни қўллаш тавсия этилади.

Фойдаланилган адабиётлар.

  1. Найбаков А., Сербинов В., Муминов О. Сабзавот-полиз экинларининг зараркунанда ва касалликлари. Тошкент-1969 й.
  2. Ўзбекистон республикаси қишлоқ хўжалигида ишлатиш учун рухсат этилган пестицидлар ва агрохимикатлар рўйхати. Тошкент-2016 й. 
  3. Хўжаев Ш.Т. Ўсимликларни зараркунандалардан уйғунлашган ҳимоя қилиш, ҳамда агротоксикология асослари. Тошкент.-Navro’z.-2014.-276-279 б. 

 

   “Ўзагрокимёҳимоя” акционерлик жамияти мутахассиси  қ.х.ф.ф.д.                  И.Ҳамроев

Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий тадқиқот институти  докторанти, қ.х.ф.н.   Б.Акромов