САБЗАВОТ, ПОЛИЗ ВА КАРТОШКА ЭКИНЛАРИНИНГ КАСАЛЛИКЛАРИ

САБЗАВОТ, ПОЛИЗ ВА КАРТОШКА ЭКИНЛАРИНИНГ КАСАЛЛИКЛАРИ

Ўзбекистон шароитида сабзавот, полиз экинларида замбуруғлар қўзғайдиган макроспориоз, фузариоз ва вертицилиоз сўлиш, ун-шудринг, ризоктониоз, оддий парша ва фитофтороз касалликлари кўп учрайди.

Жумладан помидор экинларида ҳам юқоридаги касалликлар учрайди.

 Помидор қўнғир, ёки зайтун тусли доғланиши (кладоспориоз, барг моғори) касаллигини замбуруғ қўзғатади. Кладиоспориоз иссиқхоналарда помидорнинг асосий касалликларидан биридир. Очиқ далаларда камроқ учрайди, аммо баъзан ўсимликлар ялпи зарарланиши кузатилади.

Касаллик помидор гуллаш-мева тугиши пайтида бошланади ва асосан баргларини зарарлайди. Унинг биринчи белгилари - пастки барглар устида сариқ ёки оч-яшил, барглар остида эса (ўша доғларнинг тагида) рангсиз, сарғиш ёки оч-қўнғир доғлар пайдо бўлишидир. Барг остидаги доғлар яшил-қўнғир (ёки кулранг-қўнғир) тусли майин моғор билан қопланади. Касаллик тезда тепа ярус баргларига ўтади. Кучли зарарланган барглар олачипор тус олади ва қурийди.

Касаллик ялпи ривожланганида помидорнинг гул ва мева бандлари, гулкосабарглари ва тугунчалари ҳам зарарланади ва улар кейинчалик тўкилиб кетади. Касалликнинг энг кучайган даври мева пишиши пайтига тўғри келади. Мевалар устида бўртган, қаттиқ, зайтун рангли, моғор билан қопланган доғлар пайдо бўлади. Зарарланган тўқималар устида замбуруғ миллионлаб конидиялар ҳосил қилади ва касаллик улар ёрдамида тарқалади. Конидиялар ҳаво оқимлари, сув томчилари ва ишчилар воситасида тарқалади. Улар 6-34ºС (оптимум 22-25ºС) ҳарорат ва 75-98% намликда, ёруғлик кам ёки йўқ пайтида (кечалари) ўсади ва баргларни зарарлайди. Касаллик 20-27ºС ҳаво ҳарорати ва 90% дан юқори нисбий намлигида жуда тез (соатлар ичида) тарқалади ва ривожланади. Намлик 60% дан пастлигида ўсимликлар зарарланмайди. Аммо қуруқ ҳавога жуда чидамлилиги учун, хўжайин ўсимлик мавжуд бўлмаганида, конидиялар йиллар давомида ҳаётчанлигини йўқотмайди.

Кладоспориознинг инкубацион (яширин) даври 10-12 кун. Намлик 70% дан паст бўлса, касаллик ривожланмайди. Қўзғатувчи замбуруғ тупроқ устида ўсимлик қолдиқларида, уруғлик устида, иссиқхоналарда эса - сўрилар ва бошқа жиҳозлар устида ҳам йиллар давомида сақланади.

Касаллик бошлангандан 1-1,5 ой ўтгач, помидор гуллашдан тўхтайди, мевалар ўсиши жуда секинлашади. Касалланган ўсимликлар соғломларидан 1-1,5 ой олдин қуриб қолади. Касаллик бошланиш даврига қараб, ҳосил 10% дан 95% гача, иссиқхоналарда кураш чоралари кўрилмаганда 30-40% ва ундан ҳам кўпроқ ҳосил йўқотилади.

 Помидор новда ва меваларнинг кулранг чиришни замбуруғ қўзғатади Ўзбекистонда кулранг чириш помидорнинг энг кенг тарқалган касалликлари қаторига киради. Касаллик иссиқхоналарда кенг тарқалган ва у ўсимликнинг барг, гул, гулбанд, новда ва меваларини зарарлайди. Олдин гуллар зарарланади, улардан касаллик баргларга, барглардан пояга ўтади. Баргларда оч-қўнғир, думалоқроқ шаклли доғлар пайдо бўлади ва улар баргни бутунлай қоплаши мумкин. Пояда одатда оч-қўнғир, узунлиги 1 мм дан бир неча см гача бўлган қуруқ доғлар ривожланади, вақт ўтиши билан зарарланган жойлар қора тус олади. Лупа билан қараганда поя устида тўқ-қўнғир, эшилган каноп ипига ўхшаш мицелийни (юпқа моғор қатламини) кўриш мумкин. Новдаларда рангсиз, устида кулранг моғор пайдо қилувчи доғлар ривожланади. Меваларнинг устида, одатда улар новдага бириккан жойларида, кулранг-яшил ва кулранг-қўнғир некроз (яра) лар ривожланади ва мевалар ўша жойларидан бошлаб чирийди.

Кулранг чириш билан помидорнинг фақат ёш мевалари зарарланади; уларнинг диаметри 2-4 см га етгач, зарарланишга чидамлилик намоён этади, аммо пишиб етилгач, яна чидамсиз бўлиб қолади. Яшил меваларнинг тўқимасига кирган замбуруғ қуёш нури ва иссиқ ҳаво ҳарорати таъсирида нобуд бўлиши мумкин. Бунда мевалар устида кенглиги 0,3-0,6 см келадиган оқиш доира ва доғлар пайдо бўлади. Юқори намлик мавжудлигида чириётган мевалар устида конидиофора ва конидиялардан ташкил топган кукунсимон кулранг моғор ривожланади. Конидиялар шамол билан тарқалади ва бошқа, соғлом меваларни зарарлайди.

Замбуруғ иссиқхона тупроғида склероций ва конидиялар, ром, ойна, полиэтилен парда ва ҳоказоларда конидиялар шаклида қишлайди.

Патоген ҳар хил оилаларга мансуб бўлган 200 тача ўсимлик турларини зарарлайди, айниқса лавлаги ва сабзининг илдиз меваларида, карам, помидор, бодринг, пиёз, саримсоқ, дуккакли ўсимликлар, тамаки ва бошқаларда кўп учрайди.

Помидорнинг альтернариоз касаллигини айни битта замбуруғ қўзғатади Ушбу экинларда альтернариоз Ўзбекистонда ҳам қайд этилган, аммо унинг ўсув даврида учраши, тарқалиш даражаси ва ҳосилга таъсири ўрганилмаган.

Ўсимликлар замбуруғ билан одатда гуллаш фазасида зарарланади. Баргларда камроқ даражада, новда ва пояларда қиррали (кўп бурчакли), томирчалар билан чегараланган, қўнғир, сўнгра тўқ-қўнғир, некротик, концентрик доғлар пайдо бўлади. Кучли зарарланган барглар сарғаяди ва қурийди. Картошка туганаклари зарарланганида уларнинг устида қуруқ, терисимон доғлар ривожланади, доғлар остидаги тўқималар чирийди. Ўсув даврида альтернариоз конидиялари билан тарқалади. Касаллик учун иссиқ ва ёмғирли об-ҳаво қулай ҳисобланади. Тупроқда калий етишмаслиги альтернариозни кучайтиради. Қўзғатувчи ўсимлик қолдиқларида сақланади. Картошка ва помидордан ташқари, бақлажон ҳамда итузумдошлар оиласига мансуб бўлган бегона ўтлар ҳам зарарланади.

Помидор илдизлари ва илдиз бўғзи пўкаксимон қўнғир чириши-касалликни тупроқ замбуруғи қўзғатади. Патоген ривожланиши учун тупроқ ҳарорати 20-25оС қулай ҳисобланади . Касаллик манбаи - зарарланган ўсимлик қолдиқлари мавжуд бўлган тупроқдир. Помидорнинг илдизларида (ва илдиз бўғзида) бир-бири билан қўшилиб кетувчи қўнғир доғлар пайдо бўлади. Мева тугиш даврида илдизларнинг устида бироз бўртиб чиққан кўплаб пўкак шаклли, нотекис қисмлар пайдо бўлади. Илдиз қобиғи тўқ-қўнғир тусга кириб, қайишқоқлигини (эластиклигини) йўқотади. Илдиз узунасига кесилганида ўзаги тўқ тус олганлиги, баъзан у ерда бўшлиқлар мавжуд эканлиги кўринади. Аста-секин, вақт ўтиши билан, илдиз тўла нобуд бўлади. Ўсимликлар кучли зарарланганида ўсмай қолади, гуллари тўкилади, илдиз системаси бутунлай қўнғир тусга киради, кичик илдизлар емирилиб, парчаланиб кетади ва ўсимликлар озиқланишни фақат ён илдизлар ҳисобига амалга оширади. Иссиқ иқлимда касаллик кучаяди. Касаллик Россия Федерациясида иссиқхоналарда учрайди, аммо кам тарқалган. Ўзбекистонда Тошкент вилоятидаги ушбу касаллик помидорда тахминан 10 йилдан бери катта муаммо бўлиб келаётгани, ҳозирги даврда унинг иссиқхоналарда тарқалиши 100 фоизни ташкил қилиши хабар қилинган.

Помидорнинг вирус касалликлари. Помидор ҳар хил мозаикалар ва жуфт стрик билан зарарланади. Ушбу вируслар помидордан ташқари ўнлаб ёки юзлаб ўсимлик турларини зарарлайди.

Мозаикалар далаларда ва айниқса иссиқхоналарда кенг тарқалган. Помидорда мозаика касалликларининг белгилари ўта ўзгарувчан. Зарарланган ўсимликлар, айниқса улар жадал ўсаётган бўлса, қуёшли об-ҳавода сўлиши мумкин, аммо ҳарорат пасайиши билан яна соғлом ҳолати тикланади. Бундай вақтинча сўлиш фазаси, ўсимлик зарарланган вақтдан бошлаб 1-2 ҳафта давом этади. Кўпинча помидор баргларида мозаика пайдо бўлади, бунда баргда бироз бўртиб чиққан тўқ-яшил ва оч-яшил қисмлари бирин-кетин жойлашади, барглар буралади ва шаклини йўқотади, баъзан ингичкалашиб, деярли ипсимон шаклга киради. Касалланган ўсимликларнинг бўйи пасаяди ва поя бўғин оралари қисқаради. Поянинг тупроққа яқин қисми (илдиз бўғзи) тўқ-қўнғир тус олади ва бу доғлар поя тепаси ва новдаларига тарқалади. Илдизда қизғиш-қўнғир доғлар пайдо бўлади. Мевалар ўсмай қолади, хунук шакл олади, уларнинг ташқи ва ички қисмларида қўнғир доғлар ҳосил бўлади.

Помидорни зарарловчи айрим вируслар жуда барқарор ва улар ўсимлик қолдиқларида 50 йилгача сақланиши мумкин. Касал ўсимликлардан соғломларига баъзи вируслар иш қуроллари, машиналар, жиҳозлар ва асбоб-ускуналар орқали ўтади. Вирус тамаки устида мавжуд бўлиб, чекувчи ишчилар томонидан экинга тарқатилиши мумкин. Вирус ўсимлик қолдиқларида сақланади ва кейинги йили экилган помидор ниҳолларини илдизи орқали зарарлайди. Далада вирус мозаика билан зарарланган бегона ўтлардан помидорга тарқалади. Мозаика асосан кўчатларни яганалаш ва далага кўчириб экиш пайтида юқади. Касаллик эрта бошланганда ҳосил далаларда 10-15%, иссиқхоналарда 50% гача камайиши мумкин. Мозаика касаллигини қўзғатувчи вирусларнинг айримлари далада ширалар, бошқалари эса трипслар ёрдамида тарқалади.

Помидорнинг фитофтороз касаллигини замбуруғ қўзғатади. Кейинги йилларда касалликнинг тарқалиши очиқ далаларда 70 фоизгача етган, иссиқхоналарда ҳам кенг тарқалмоқда. Салқин ва нам (ёмғирли, шабнамли) об-ҳавода помидор меваларининг 60-70 фоиз зарарланиши мумкин. Одатда касаллик ўсимликлар гуллаши пайтида бошланади. Олдин баргларнинг устида қайноқ сув қуйганга ўхшаш доғлар пайдо бўлиб, кейин улар қўнғир тус олади, барг тўқимаси юпқа, қоғозсимон бўлиб қолади. Нам об-ҳавода барглар остидаги доғлар атрофида майин, юпқа, оқиш моғор қатлами пайдо бўлади. Юқори намлик ва илиқ ҳароратда барглар бутунлай чириши ва деярли барча ўсимликлар нобуд бўлиши мумкин. Зарарланган тўпгулларнинг гулбандлари ва косачабарглари қорайиб, қуриб қолади. Новдаларда узунчоқ, қизғиш-қўнғир доғлар ривожланади, новда ва барглар куйганга ўхшаб қолади. Мевалар устида қаттиқ, нотўғри шаклли, қўнғир тусли, усти бироз ғадир-будур доғлар ва яралар пайдо бўлади ва улар тезда чириб кетади. Касаллик ривожланиши учун юқори намлик (ёмғир, шабнам) ва салқин ҳарорат (10-25оС) қулай шароит ҳисобланади.

Замбуруғ очиқ далаларда тупроқ устида ўсимлик қолдиқларида ва итузумдош бегона ўтларда қишлайди. Касаллик экинга қўшни далалардаги картошка ва помидордан ҳам тарқалади. Фитофтороз кўчатхоналарда пайдо бўлиши жуда хавфли; юқори ҳароратда унинг белгилари юзага чиқмаслиги мумкин, аммо кўчат очиқ далага кўчириб экилгач, касаллик ўчоқлари ҳосил бўлади. Далада фитофтороз олдин помидорда, кейин картошкада пайдо бўлади.

2018 йилда республика бўйича жами 5,9 минг гектар майдонда фитофтороз касаллиги тарқалиши башорат қилинмоқда.

Помидорнинг фузариоз сўлиш (вилт) касаллиги ҳам иссиқхоналарда, ҳам очиқ далаларда учрайди. Касаллик қўзғатувчи замбуруғ помидордан бошқа экинларни зарарламайди. Замбуруғ ўсимликка илдизи орқали киради. Зарарланган уруғ, уруғбарг ва ёш ниҳоллар бутунлай чириб кетади. Касаллик помидорнинг пастки барглари, кўпинча бир томондан сарғайиши ва ўсимликлар сўлғин бўлиб қолишидан бошланади. Ўсимлик заифлашади ва бўйи паст бўлиб қолади. Поя қия кесилса, ўтказувчи тўқима қўнғир тус олганлиги кўринади. Вилт ўсимликнинг пастки қисмидан ўсимлик тепасигача тарқалади. Ортиқча азотли ўғит бериш касалликни кучайтиради. Замбуруғ тупроқда 11 йилгача сақланиши, мавсумдан мавсумга уруғ орқали ҳам ўтиши мумкин.

2019 йилда республика бўйича жами 3,9 минг гектар майдонда фузариоз сўлиш (вилт) касаллиги тарқалиши башорат қилинмоқда.

Помидор экинлари касалликлари 2019 йилда республика бўйича помидор экинида жами 22,7 минг гектарда майдонларда тарқалиши башорат қилинмоқда.

КАРТОШКА КАСАЛЛИКЛАРИ

Картошканинг фитофтороз касаллиги Ўзбекистонда қайд этилган, аммо картошкада тарқалиши ва ҳосилга таъсири етарлича ўрганилмаган. Касаллик ўсимликлар гуллаш пайтида бошланади. Баргларда қайноқ сувда қуйганга ўхшаш доғлар пайдо бўлиб, улар бир неча кундан сўнг тор, сариқ ҳошияли қўнғир ёки тўқ-қўнғир тус олади. Нам об-ҳавода барглар остидаги доғлар майин, юпқа, оқиш оч-кулранг моғор қатлами билан қопланади. Доғлар барг банди, новда ва пояга ўтади, тез тарқалади ва ривожланади, бир неча кун ичида ўсимликни нобуд қилиши мумкин. Барг ва бошқа аъзолардан ёмғир билан тупроққа тушган замбуруғ картошка туганакларини зарарлайди, уларнинг устида кўзга яққол ташланувчи кулранг-қўнғир, сўнгра ботиқ, тўқ-қўнғир доғлар пайдо бўлади; туганак кесилса, унинг четларидаги тўқималарда занг тусли чиришни кўриш мумкин. Бундай туганаклар омборларда сақлаш пайтида тезда бутунлай чирийди.

Касаллик ривожланиши учун қулай шароит тез-тез ёмғир ёғиб ёки шудринг тушиб туриши, ҳаво ҳарорати 20-25оС бўлиши ҳисобланади. Замбуруғ тупроқ устидаги ўсимлик қолдиқларида қишлайди. Зарарланган картошка туганаклари касалликнинг асосий манбаидир. Касаллик экинга қўшни далалардаги картошка ва помидордан ҳам тарқалади. Фитофтороз таъсирида ҳосилнинг 30-40% йўқотилиши мумкин. 2019 йилда республика бўйича 12,0 минг гектар майдонда картошка  фитофтороз касаллиги тарқалиши башорат қилинмоқда.

Картошка туганаклари фузариоз қуруқ чиришини замбуруғлар қўзғатади. Картошка туганаклари ўсув даврида одатда кам зарарланади, уларнинг кўпчилиги ҳосилни кавлаб олиш, қопга солиш, ташиш ва омборхонага жойлаш пайтларида зарарланади. Қўзғатувчилар ҳар хил жароҳатлар, совуқ урган жойлар, ҳашаротлар ва замбуруғлар шикастлаган тўқималар орқали туганакларга киради ва зарарлайди. Зарарланган туганаклар устида қайноқ сувда қуйганга ўхшаш, бироз ботиқ доғлар пайдо бўлади. Улар ўсиб, катталашади, кулранг-қўнғир тус олади ва остидаги тўқималарга ва туганак ичига ўтади. Тўқималар чириб, кукунга ўхшаб қолади, туганак ичида бўшлиқлар, каваклар пайдо бўлиб, у ерда ҳар хил тусли моғор ривожланади. Туганакларнинг чириган жойлари соғлом тўқимадан аниқ ажралиб туради, уларнинг устида доиралар ва моғор ҳосил бўлади. Ўзбекистонда уюмларда ва омборхоналарда сақланадиган туганакларнинг энг кўп тарқалган чириши фузариоз эканлиги аниқланган. Касаллик кўпинча туганаклар 2-3 ой сақланганда пайдо бўлади. Фузариоз билан енгил зарарланган картошкаларда чириш кучаяди. Ҳатто оддий шароитда ҳам 10% гача туганаклар чириб кетади; юқори ҳарорат ва намликда картошканинг 30-50% ва ундан ҳам кўпроғи йўқотилиши мумкин.

Уруғликка мўлжалланган, фузариоз билан зарарланган туганаклар, айниқса улар бўлакларга кесиб экилса, тупроқда чириб кетиши мумкин. Улардан ниҳол ўсмаслиги, ёки заиф, нимжон ниҳоллар чиқиб, кейинчалик сўлиши кузатилади.

Картошканинг фомоз касаллигини замбуруғ қўзғатади. Ўзбекистонда фомоз далада кам учрайди, туганакларни зарарламайди, омборхоналарда сақланаётган (асосан четдан олиб келинган) картошкада тарқалиши бўйича фузариоз чиришдан кейинги 2-нчи ўринни эгаллаган. Зарарланган туганакларнинг қобиғи остида ботиқ доғлар пайдо бўлади. Улар катталашиб, тўқ кулранг-қўнғир, қизғиш-қорамтир тус олади, кейин чириш туганакларнинг ичига тарқалади.

Қуруқ фузариоз чиришдан фарқли ўлароқ, фомоз яралари доиралар ҳосил қилмайди. Ўсув даврида фомоз новда, поя ва барг бандларида доғлар ҳосил қилади. Замбуруғ ёмғир томчилари ва шамол ёрдамида тарқалиб, бошқа ўсимликларни, тупроққа тушганлари эса, янги ҳосил туганакларини зарарлайди. Туганаклар кавлаб олиш ва омборхоналарга ташиш пайтида ҳам зарарланади. Замбуруғ уларга кўзчалари ва ҳар хил яралар орқали киради. Омборхоналарда фомоз ва фузариоз туфайли туганакларнинг кўпчилиги чириб кетади.

Замбуруғ ўсимлик қолдиқларида 3 йилгача сақланиши мумкин, мавсумдан мавсумга зарарланган туганаклар билан ҳам осон ўтади. Фомоз билан курашда фузариоз қуруқ чиришга қарши ишлатиладиган чора-тадбирлар самара беради; уруғлик туганакларни экишдан олдин фунгицид эритмасига ботириб ёки уни пуркаб, дорилаш тавсия қилинади. 2019 йилда республика бўйича 2,2 минг гектар майдонда картошканинг фамоз  касалликлари тарқалиши башорат қилинмоқда.

Картошканинг вирус касалликлари Ўзбекистонда кенг тарқалган бу касалликнинг белгилари ўта ўзгарувчан. Кўпинча картошка баргларида мозаика пайдо бўлади, бунда баргда тўқ-яшил ва оч-яшил қисмлари бирин-кетин жойлашади, барглар буралади, баъзан ингичкалашиб, деярли ипсимон шаклга киради. Касал ўсимликларнинг бўйи пасаяди ва поя бўғин оралари қисқаради. Поянинг илдиз бўғзи тўқ-қўнғир тус олади ва бу доғлар поя тепаси ва новдаларига тарқалади. Илдизда қизғиш-қўнғир доғлар пайдо бўлади. Картошкани зарарловчи айрим вируслар жуда барқарор ва улар ўсимлик қолдиқларида узоқ сақланиши мумкин. Касал ўсимликлардан соғломларига баъзи вируслар иш қуроллари, машиналар, жиҳозлар ва асбоб-ускуналар орқали ўтади. Вирус ўсимлик қолдиқларида сақланади ва кейинги йили экилган картошка ниҳолларини илдизи орқали зарарлайди. Далада вирус мозаика билан зарарланган бегона ўтлардан картошкага тарқалади. Мозаика касаллигини қўзғатувчи вирусларнинг айримлари далада ширалар, бошқалари эса саратонлар ёрдамида тарқалади.

2019 йилда республика бўйича жами 27,7 минг гектар майдонда картошка  касалликлари тарқалиши башорат қилинмоқда.

ПИЁЗНИНГ КАСАЛЛИКЛАРИ.

 

Пиёз экилган майдонларда хам бир қатор касалликлари учраб ҳосилга жиддий таъсир этади. Шундан фузариоз касаллиги экиннинг тагидан чириб бошлашига, сохта ун-шудринг касаллиги қўзғатувчиси замбуруғ мицелий шаклида ўсимликнинг ўсув даврида баргларида моғор қатлами ҳосили қилиб ривожланади. Пиёзнинг баргларининг кулранг чириши касаллигини қўзғатувчи замбуруғлар пиёз баргларида ривожланиб ўсимлик бошидан бошлаб сўлиб боради. Агротехник кураш чоралари ўз вақтида амалга ошириб борилмаса, касалликларнинг кенг тарқалишига қулайлик вужудга келади.

Пиёзнинг сохта  ун шудринг (Мильдь, переноспороз) касалиги Peronospora schleideniana оомицет замбуруғи қўзғатади. Касаллик замбуруғ пиёзни, кам ҳолларда эса сараимсоқни зарарлайди. Патоген пиёзбошларда уларни чиритмасдан, мицелий шаклида ва ўсимлик қолдиқларида ооспоралари ёрдамида қишлайди. Ўсув даврида 7 марта авлод беради. Касаллик эрта баҳордан тарқала бошлайди. 2019 йил мавсумида пиёз экинида пиёзнинг сохта  ун шудринг касалликлар   8,1 минг гектар майдонда кенг тарқалиши кутилмоқда.

Пиёзбоши тагидан (Фузариоз) чиришини Fusarium oxysporum f. cepae замбуруғи қўзғатади. Бошпиёз ва саримсоқ далада ва омборхоналарда зарарланади. Ўсимликларнинг барглари сарғаяди ва тепасидан бошлаб чирийди. 2019 йил мавсумида пиёз экинида пиёзнинг Фузариоз чиришини касалликлар  5 минг гектар майдонда кенг тарқалиши кутилмоқда.

2019 йил мавсумида пиёз экинида касалликлар  21,4 минг гектар майдонда кенг тарқалиши кутилмоқда.

Полиз экинлари касалликлари

 

Қовун фузариоз сўлиши (халқ тилида – оқпалак) касаллигини замбуруғ қўзғатади. Оқпалак Ўзбекистонда қовуннинг энг кенг тарқалган ва энг хавфли касаллигидир. Ўсимликлар бутун ўсув даврида зарарланади. Унаётган майсаларнинг уруғбарглари, пояси ва илдиз бўғзида қайноқ сувга қуйганга ўхшаш, рангсиз, сўнгра қўнғир тус олувчи доғлар ривожланади, майсалар чириб, қуриб қолади, экин сийрак бўлиб қолади. Баъзи далаларда эртапишар навлар майсаларининг 43-86% нобуд бўлиши мумкин. Намлик етишмаслиги (етарлича суғормаслик) касалликни жуда кучайтиради.

Экин одатда мавсумнинг иккинчи ярмида, тўла ҳосилга кирган пайтида кўпроқ зарарланади. Олдин ўсимликнинг пастки баргларида сарғиш, сўнгра қўнғир тус олувчи доғлар пайдо бўлади ва улар юқорироқда жойлашган баргларига ўтади. Палаклардан бири ёки бир нечтаси, сўнгра бутун ўсимлик сўлиб қолади.

Касаллик қўзғатувчи замбуруғ ўсимлик тўқимасига илдиз тизими орқали киради. Олдин илдиз бўғзида кўзга ташланмайдиган оч-қўнғир доғлар пайдо бўлади, кейин улар яққол қўнғир тусга киради, чириш илдиз бўғзидан тепага, поянинг пастки қисмига 10-15 см баландликкача ҳамда катта ён палакларнинг пастки қисмларига тарқалади. Зарарланган илдиз бўғзини узунасига кесганда, уларнинг ўртасида тўқ-қўнғир, калта тасмача шаклли доғларни кўриш мумкин (аммо бундай доғлар баъзан бўлмаслиги мумкин). Ён палаклар пояларининг остки қисмларининг зарарланган жойлари олдин сув шимганга ўхшаб, кейин қўнғир тус олади.

Баъзи ўсимликларда кучли зарарланган илдиз бўғзининг тупроқ устидаги қисмида қизғиш-қўнғир ёки оч-қўнғир тусли елим томчилари ҳосил бўлади, елим қуриганида, унинг остидаги поя қобиғи тўқ-қўнғир ёки деярли қора тус олади.

Касалликнинг сурункали ва ўткир шакллари мавжуд. Сурункали шакл ўсимлик баргларида доғлар ҳосил бўлиши, палаклар калта бўлиб қолиши, сўлиш белгилари аста-секин ривожланиши, олдин 1-2 та палак сўлиши (қолганлари соғлом кўринишга эга бўлиши) ва кейинчалик, бир неча кун ичида бутун ўсимлик сўлиши билан ифодаланади. Ўткир шакл кузатилганида бутун ўсимлик тез ва тўсатдан сўлиб қолади. Қовуннинг фузариоз сўлиш касаллигини қўзғатувчи замбуруғ тупроқда кўп йиллар давомида сақланиши мумкин. Мавсумдан мавсумга касаллик ўсимлик қолдиқлари ва камроқ даражада уруғлар билан ўтади. Касаллик 12-34оС ҳароратда ривожланиши мумкин, тупроқ ҳарорати 25-28оС бўлиши жуда қулай ҳисобланади. Қишда замбуруғ 15оС совуқда ҳам нобуд бўлмайди. Қўзғатувчи замбуруғ тупроққа кирганидан кейин, уни деярли йўқотиб бўлмайди, шу сабабдан, янги ўзлаштирилган далаларни олдин қовун бўлган далалардан узоқроқда жойлаштириш, бу далаларга зарарланган уруғ экмаслик жуда муҳим. 2019 йилда республика бўйича қовун фузариоз сўлиши 13,9 минг гектар полиз майдонларида тарқалиши башорат қилинмоқда.

Оқпалак касаллиги билан тарвуз ҳам зарарланади. Майсаларда ва етилган тарвуз ўсимликларида касалликнинг белгилари, сақланиши, мавсумдан мавсумга ўтиши, экин ичида тарқалиши ва унга қарши кураш чоралари қовуннинг фузариоз сўлишига ўхшаш.

Полиз экинларининг сохта ун-шудринг (пероноспороз) касаллигини замбуруғлар қўзғатади ва улар билан бодринг ҳамда қовун зарарланади. Зарарланган баргларда майда томирчалар ораларида жойлашган, серқирра оқиш доғлар пайдо бўлади, кейин улар сарғаяди ёки қўнғир тус олади, бир-бирига қўшилиб кетади, барг олачипор бўлиб қолади. Баргнинг остки томонидаги доғлар устида майин оқиш ёки оч-кулранг моғор қатлами ривожланади, юқори намлик шароитида бу қатлам кулранг, тўқ-қизғиш ёки бинафша тус олади. Зарарланган барглар қотиб, қуриб қолади. Кучли зарарланган ўсимликлар баргларининг кўпчилиги тўкилиб кетади, натижада ҳосил пасаяди. 2019 йилда республика бўйича сохта ун-шудринг (пероноспороз) 12,8 минг гектар полиз майдонларида тарқалиши башорат қилинмоқда.

Касаллик ёмғир томчилари ва шамол орқали ҳамда ишчилар кийимлари ва асбоб-ускуна воситасида тарқалади. Юқори намлик ва нисбатан паст ҳарорат касаллик учун қулай ҳисобланади.

2019 йилда республика бўйича жами касалликлар 57,9 минг гектар полиз майдонларида тарқалиши башорат қилинмоқда.

Касалликлардан илдиз чириш, вертициллёз ва фузариоз сўлиш, бактериал сўлиш ва чириш, фитофтороз, ун шудринг, барг доғланиш касалликлари, пероноспороз (сохта ун шудринг), кўплаб вирус ва бошқалар сабзавот полиз экинлари ҳосилининг бир қисмини йўқотилишига олиб келади.