Сабзавот-полиз ва картошка экинлари зараркунандалари

            Сабзавот-полиз ва картошка экинлари зараркунандаларидан - симқуртлар ва соҳта симқуртлар, ширалар, оққанотлар, тамаки трипси, ўргимчаккана, ғовакловчи пашшалар, занг канаси, кўсак қурти, кузги ва ундов тунламлари (илдиз қуртлари), колорадо қўнғизи, картошка куяси, помидор куяси, карам шираси, карам оқ капалаги, пиёз пашшаси, полиз қўнғизи (эпиляхна) ва қовун пашшаси билан кучли даражада зарарланади.

2018 йилда сабзавот-полиз ва картошка экинлари майдонларида уларнинг асосий зараркунандалардан: илдиз кемирувчи тунламлар, ғўза тунлами, картошка ва помидор куяси, карам оқ капалаги, оққанот, шира, трипс, ўргимчаккана кабилар республиканинг барча вилоятларида ривожланиши ва тарқалиши кузатилди. Уларнинг аксарият қисми тўлиқ ривожланиб, қишловга кетди. Мутахассисларнинг кузги кузатувлари натижалари ҳам кўсак қурти, помидор куяси, ўргимчаккана каби зараркунандаларнинг талофатсиз қишлаётганлигини қайд этмоқдалар.

Бундай ҳолатда 2019 йилда сабзовот-полиз экинларининг энг хавфли помидор куяси, кўсак қурти, қовун пашшаси, пиёз пашшаси, ширалар, оққонот, ўргимчакканаларнинг оммавий кўпайиши кутилмоқда. Бу зараркунандаларга қарши камида 3-4 марта кимёвий кураш тадбирлари ўтказилмаса, помидор ва қовун, тарвуз маҳсулотларини ҳосилдорлиги кескин камайиб кетади.

КАРТОШКА ЭКИНЛАРИ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ

Картошка экинлари зараркунандаларидан - колорадо қўнғизи, картошка куяси, симқуртлар ва соҳта симқуртлар, ширалар, оққанотлар, тамаки трипси, ўргимчаккана, ғовакловчи пашшалар, занг канаси кучли даражада зарар етказади.

Колорадо қўнғизи. Итузумгулдошлар оиласига мансуб экинлар билан озиқланади. Булар ичида картошка улар учун энг севимли озуқа ҳисобланади, кейинги ўринларда бақлажон ва помидор туради. Шу билан бирга тамаки, бангидевона, мингдевона, итузум каби ўсимликларни ҳам еб ривожланади. Личинка ва қўнғизи баргни еб шикастлайди. Ҳар туп картошка ўсимлигида 20-40 дона личинка ва қўнғиз мавжудлигида барглар 50-100% нобуд бўлиши мумкин.

Ўтган йил мавсумида, бу зараркунандани Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Балиқчи, Булоқбоши, Бўз, Жалақудуқ, Избоскан, Улуғнор, Марҳамат, Олтинкўл, Пахтаобод, Хўжаобод, Шахрихон, Қўрғонтепа, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Шахрисабз, Китоб, Қарши, Касби, Чироқчи, Фарғона вилоятининг Сўх, Қува, Қувасой, Фарғона, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Бахмал, Самарқанд вилоятининг Булунғур, Тойлоқ, Самарқанд, Ургут, Пастдарғом, Пахтачи, Пайариқ, Пастдарғом, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон, Чуст, Учқўрғон, Чортоқ, Наманган, Уйчи, Косонсой, Мингбулоқ, Тошкент вилоятининг Зангиота, Кибрай, Янгийўл ва Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Боёвут, Оқолтин, Ховос, Сайхунобод туманлари хўжаликлари майдонларида 3-4 марта авлод бериб ривожланиши ва тарқалиши кузатилди. Колорадо қўнғизини ривожланиши учун об-ҳавонинг қулай келиши бу зараркунанда сонининг йил сайин кўпайишига олиб келмоқда ва унинг зарари етиштирилаётган ҳосил сифатига жиддий таъсир этмоқда. Шу сабабли, 2019 йил мавсумида колорадо қўнғизига қарши курашда агротехник, механик ва кимёвий усул тадбирларини ўз вақтида ўтказиш зарур бўлади. Кузги кузатув натижаларига кўра зараркунанда етарли озуқа манбайини йиққан ҳолда қишловга кетган. 2019 йилда республика бўйича жами 20,7 минг гектар майдонда колорадо қўнғизини тарқалиши башорат қилинмоқда.

Картошка куяси. Бу зараркунанда республика картошкачилигида зарар етказиши бўйича ўта хавфли зараркунанда ҳисобланади. Илгари ташқи карантин объекти бўлган бу зараркунанда, карантин хизматини эътиборсизлиги туфайли республикага кириб келган дастлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида қайд этилган эди. Ҳозирги кунда барча вилоятларда тарқалган. Картошкадан ташқари тамаки, помидор, бақлажон, қалампир ва ёввойи ҳолда ўсувчи итузумдошлар оиласига мансуб бўлган (бангидевона, физалис, итузум, мингдевона, белладонна ва бошқа) ўсимликлар билан озиқланади. Бу зараркунанда картошкани ўсув даврида ҳосилини эса омборхоналарда сақлаш даврида зарарлайди. Зараркунанданинг қуртлари картошка, помидор ва бақлажоннинг пояси, барглари ва баргларига зарарлайди. Зараркунанда 5-ёш қурт ёки ғумбак шаклида қишлайди. Капалаклари май охирида чиқиб, октябрь охиригача учади. Улар тупроққа, картошка, помидор, тамаки баргларига, ер устида ётган картошка туганаклари кўзчаларига, помидор меваларига, омборхоналарда қопларга, уйларда картошка сақланаётган хонанинг пардаларига биттадан тухум қўяди. Капалаклари 25-30 кун яшайди ва уруғлангандан сўнг 24 соат ичида тухум қўя бошлайди, битта урғочи зот 4-7 кунда 150-200 тагача тухум қўяди. У эрталаб ва кечқурун қуёш ботгандан сўнг учади, кундузлари баргнинг остки томонида ва бошқа пана жойларда яшириниб олади.

Омборхоналарда зараркунанда тўхтовсиз кўпаяди, ҳатто ўрага кўмиб қўйилган картошкада ҳам ривожланиб, кўпая олади. Унинг пиллалари картошка туганаклари кўзчалари ёнида ва қопларда кўплаб топилади, 6-7 кундан сўнг пилладан имаго чиқади. Тухумдан имагогача бўлган давр ёзда ўртача 22-32 кун, кузда 40-55 кун, қишда 2-3 ойни ташкил этади.

Даладаги бегона ўтларни, айникса итузумдошлар оиласига мансуб итузум, бангидевона ва бошқа ўсимликларни йўқотиш лозим. Куяга қарши картошка ўсимликларини даладан палакларни чиқариб ташлаш зарур. Ҳсилни йиғиш пайтида картошка туганакларини далада ёйиб қуритмаслик (куя уларга тезда тухум қўяди), уларни дарҳол совуқ жойда сақлашга қўйиш лозим. Картошка сақланадиган омборхоналарни ва сақлашга қўйиладиган туганакларни зарарсизлантириш, туганакларни сақлашда ҳарорат +3-5°С дан ошмаслигини таъминлаш керак.

Жойлардаги мутахассислар ҳамда соҳа олимларининг кузатув ва таҳлилларига кўра картошка куясининг катта заҳираси қишлаб қолганлиги қайд этилмоқда. Унга қарши ишлатиладиган препаратлар ўта заҳарли ҳисобланади, уларнинг таъсири 10-12 кунгача давом этади. Шу сабабли камида 4-5 марта кимёвий ишлов ўтказилсагина ҳосил сақлаб қолинади.  2019 йилда республика бўйича жами 16,9 минг гектарда картошка куясини тарқалиши башорат қилинган.

Занг канаси. оддий кўз билан кўриб бўлмаслиги билан бошқалардан фарқ қиладиган жуда майда, сўрувчи зараркунанда бўлиб, танасининг ўлчами 0,22-0,24 мм. Қўйган тухумларидан 6-15 кундан сўнг личинкалари чиқади. Ўсимлик ўсув даври мобайнида 12-14 авлоди ривожланади.  Кана ўсимлик баргларининг ҳам устки, ҳам остки тарафини, аста-секин ўсимликнинг юқори қисмига тарқалади. Зарарланган новда қўнғир тус олиб, силлиқлашади, баргларида сариқ доғлар пайдо бўлиб, бутун ўсимлик қўнғир тус олади. Зарарланган барглари, гуллари, нишоналари ва ёш мевалари қуриб, тўкилади, йирик меваларининг юзида тўрсимон шакллар пайдо бўлиб, мева тиришиб, ёрилади, меванинг сифати ва харидоргирлиги йўқолади, қисман чирий бошлайди. 2019 йилда республика бўйича жами 10,3 минг гектарда занг канаси тарқалиши башорат қилинмоқда.

Картошка экинларини зараркунандалари 2019 йилда республика бўйича жами  59,1 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

 

ПОМИДОР  ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ

 

Помидор куяси. Помидорнинг энг хавфли зараркунандаси асосан помидорнинг барги, меваси, ўсув нуқталари, идиз бўғизлари билан озиқланиб, зарар етказади. Кураш тадбирлари ўз вақтида ўтказилмаса, 50-60 фоиз ва ундан ҳам кўпроқ помидор ҳосилини еб қўяди. Бошқа итузумдош экинлар (картошка, тамаки, бақлажон, қалампир) ва бегона (бангидевона, физалис, итузум, мингдевона, белладонна ва бошқа) ўтлар билан ҳам озиқланади. Иссиқхоналарда ва очиқ далаларда экилган помидорни бутун ўсув даврида зарарлайди. Куя қуртлик босқичида зарар етказади. Бу босқич об-ҳаво шароитига қараб 12-15 кунда якунланади. Қуртлари барг ва поя тўқималари билан озиқланиб, ўзига хос катта, нотўғри шаклли доғларни ғовакларни ҳосил қилади. Зарарланган мевалар ўсув даврида  чириб кетади.

Помидор куясининг капалаги кечалари учади, кундузлари барглар ва шоналар орасида яшириниб олади. Куянинг урғочи зоти 260-300 тагача тухум қўяди. Одатда тухум қўйгандан кейин 4-7 кундан сўнг ундан личинкаси (қурти) чиқади. Помидор куяси тухумларини тахминан 73% ни баргларга, 21% ни барг томирчалари ва гулкосабаргларга 6% ни меваларга қўяди. Қурти энди чиққанида оқиш-сарғиш тусли, узунлиги 0,5 мм, боши қора, 2-4-ёшларида нимранг ёки сарғиш-яшил тусга киради, 4-15 (ўртача 8) кун яшайди ва бу вақтда 4-ёш ўтади. Етилган личинканинг узунлиги 8-9 мм, у ипак ўраб, ғумбакланади. Ғумбакланиши тупроқда ёки ўсимлик қолдиқлари орасида, баъзан зарарланган ва ўралган барглар устида ипаксимон пилла ичида 10 кун давомида ўтади. Баргларда ғовак ичида ҳам ғумбакланиши мумкин.

Зараркунанда ғумбак ёки етук зот шаклида қишлаши мумкин. Куя ривожланиши учун энг паст ҳарорат 9°С, энг қулай 20-27°С. Бир авлоднинг умри 30-35 кунда, қулай ҳароратда 24 кунда, 14°С да 76 кунда якунланади. 2019 йилда республика бўйича жами 10,8 минг гектарда помидор куясини тарқалиши башорат қилинмоқда.

Ширалар. шираларнинг бир неча турлари мавжуд бўлиб, айрим йиллари улар ҳосилни 50% гача камайтириши мумкин. Зараркунандалар ўсимлик ширасини сўриб унинг ривожини кечиктиради. 2019 йилда республика бўйича помидор экинининг жами 7,6 минг гектарида шира-трипс тарқалиши башорат қилинмоқда.

Оққанотлар экинлар баргининг орқасига ёпишиб, ширасини сўриб, озиқланади. Личинкалар чиқарган чиқитларда моғор ривожланиб, баргни қорайтиради, оқибатда барглар қуриб қолади. Ўзбекистонда ғўза ва иссиқхона оққанотлари кенг тарқалган. Улар очиқ далаларда ҳамда айниқса иссиқхоналарда помидор ва бодринг ўсимликларига жиддий зарар келтиради. 2019 йилда республика бўйича жами 6,9 минг гектарда оққанот тарқалиши башорат қилинмоқда.

Занг канаси итузумдошлар оиласига кирувчи (помидор, картошка, бақлажон) ўсимликларига жиддий зарар келтиради. Бу жуда майда, оддий кўзга кўринмайдиган зараркунанда бўлиб, кўп ҳолларда унинг зарарини касалликлар билан адаштиришади. Кана ўсимлик баргларининг ҳам устки, ҳам остки тарафида кўпайиб зарар етказади. Дастлаб ўсимликнинг пастки барглари ва новдалари зарарланади. Кана аста-секин ўсимликнинг юқори қисмига тарқалади. Зарарланган новда қўнғир тус олиб, силлиқлашади, дастлаб баргларда сариқ доғлар пайдо бўлиб, бутун ўсимлик қўнғир тус олади. Зарарланган барглари, гуллари, нишоналари ва ёш мевалари қуриб тўкилади. Йирик меваларининг юзасида тўрсимон расм пайдо бўлиб, мева тиришиб ёрилади, меванинг сифати ва кўриниши бузилади, қисман чирий бошлайди. Қаттиқ зарарланган ўсимлик ҳосили 100% нобуд бўлади. Айниқса июль-август ойларида помидор ва кечки картошка кўп талофат кўради. 2019 йилда республика бўйича помидорда жами 6 минг гектарда занг канаси тарқалиши башорат қилинмоқда.

Ғўза тунлами (кўсак қурти) Ўзбекистонда ғўзадан ташқари помидор (ва маккажўхори) нинг ҳам ашаддий зараркунандаларидан биридир. Помидорда унинг барча (3-4) авлодлари ривожланиши мумкин. Тухумларини ўсимликнинг шона, гул ва тугунчаларига якка-якка қилиб қўяди. Қуртлари ўсимлик шона, гул ва мевасини кемириб ичига кириб олади. Ҳар бир қурт 10-12 ҳосил нишонасини шикастлаши мумкин. Зарарланган ёш мевалар қуриб қолади, йириклари эса чирийди. Айрим йиллари ҳосилдорликни 50% гача камайтиради.  2019 йилда республика бўйича ғўза тунлами (кўсак қурти) жами 12,8 минг гектар помидор экинида тарқалиши башорат қилинмоқда.

Помидор экинларини зараркунандалари 2019 йилда республика бўйича  жами 45,9 минг гектар помидор экинида тарқалиши башорат қилинмоқда.

 

Полиз экинларининг асосий зараркунандалари

 

Полиз экинида учрайдиган ва ҳосилга жиддий зарар етказувчи полиз қўнғизи, қовун пашшаси, шира-трипс, ўргимчаккана ва бошқа зараркунандалар киради.

Полиз қўнғизи. Полиз қўнғизи ёки эпиляхна (какана) қовоқгуллилар оиласига мансуб қовун, тарвуз, қовоқ ўсимликларига катта зарар етказади. Бу зараркунанда Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Бухоро вилоятларининг айрим туманларида тарқалган. Полиз қўнғизи полиз экинларида, ўсимликлар қолдиғида, боғларда барглар, дала четларидаги ўтлар остида ва бошқа жойларда қўнғиз фазасида қишлайди. Шуни эътиборга олиб, полиз экинлари экилган далалардаги ўсимликлар қолдиғини йўқотиш, ерларни чуқур шудгорлаш ва яҳоб суви бериш зарур ва бу тадбирларни ўтказиш келгуси йилда полиз қўнғизининг оммавий кўпайишини олдини олишда муҳим ҳисобланади.

 Бу зараркунанданинг асосий қисмини қишловдан яхши чиқаётганлиги ва ривожланиши учун қулай шароитлар мавжудлиги сабабли 2019 йилда республика бўйича жами 11,8 минг гектарда полиз қўнғизини тарқалиши башорат қилинмоқда.

Қовун пашшаси. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 2001 йилда тарқала бошлаган. Ҳозирда эса бошқа вилоятларда ҳам кузатилмоқда. Бу зараркунанда асосан қовун, тарвуз, қовоқ ва бошқа полиз экинларини ўсув даврида зарарлайди.

Бу зараркунанда эртапишар қовун гуллаш ва мева тугиш даврида (май ойининг 2нчи ярмида) учиб чиқади. Пашша экин шираси билан озиқланганидан сўнг оталанади ва қовун ёки бошқа полиз экинлари ёш меваларининг қобиғини тухум қўйгичи билан тешиб, мевага 20 та ва ундан ҳам кўпроқ тухум қўяди. Тухум қўйиш одатда мевалар диаметри 3-5 см бўлганда бошланади. Битта урғочи пашша бир мавсумда 98-130 тагача тухум қўяди. Тухумдан 2-8 кун сўнг личинкалар чиқиб, мева ичига ўтади ва мева эти билан озиқланиб, уруғни ҳам зарарлайди. Улар 10-18 кундан сўнг, мева пўстини тешиб ташқарига чиқади ва тупроқда 5-15 см чуқурликда ғумбакланади. 10-18 кундан сўнг ғумбакдан 2-авлод пашшаси чиқиб, урғочи зотлари оталаниб яна тухум қўйишга киришади. Бир авлоднинг ривожланиши даври 30 кун бўлиб, мавсумда қовун пашшаси 2-3 авлод бериб ривожланади.

Полиз экинлари экилган майдонлардаги ўсимликни қолдиқлардан тозалаш, куз-қиш даврида даланинг шўрини ювиш, чуқур кузги шудгор ўтказиш орқали пашшанинг қишловга кетган ғумбакларини камайтириш, қовун пашшаси кузатилган далаларга 3-7 йил давомида полиз экинларини қайта экмаслик, эртапишар ва кечпишар навлар экилган далаларни бир-бирига яқин жойлаштирмаслик, келгуси йилда зараркунандани кенг майдонларга тарқалишини олдини олишда муҳим бўлади. 2019 йилда республика бўйича жами 19,8 минг гектарда қовун пашшаси тарқалиши башорат қилинмоқда.

Ширалар. Полиз экинларида шираларнинг бир неча турлари мавжуд бўлиб, айрим йиллари улар ҳосилнинг 50 фоизигача камайтириши мумкин. Зараркунандалар ўсимлик ширасини сўриб унинг ривожини кечиктиради. Бодринг, тарвуз, турли қовоқдошларда, бақлажон, шивит, қалампир, сабзи, нўхат, помидор ва бошқа сабзавот экинларида ғўза ёки полиз шираси, беда ёки акация шираси учраб жиддий зарар келтиради.

Тамаки трипси кўп сабзавот-полиз экинларини, айниқса, тарвуз ва бодринг ўсимликларини кучли зарарлайди. Трипс барг ширасини сўриб, зарар етказади. Зарарланган баргларда оқиш-кумушранг доғлар пайдо бўлади, кучли зарарланганда доғлар қўшилиб кетади, барглар йиртилиб ёки буралиб кетади, сарғайиб, қуриб қолади. Битта урғочи зоти ёш баргларга 100 тагача тухум қўяди. Қулай шароитда трипс сони бир туп ўсимликда 1000 тадан кўп бўлиши кузатилган. Бир йилда 7-8 авлод беради. Тамаки трипси жағ-жағ, ёввойи турп, қуртэна, қўйтикан, қўйпечак, сарсабил, отқулоқ, ерқалампир каби бегона ўтларда ёппасига кўпаяди. 2019 йилда республика бўйича шира-трипс зараркунандалари полиз экинларида жами  17,9 минг гектарда қовун экинларида трипснинг тарқалиши башорат қилинмоқда.

Ўргимчаккана 37 тур қишлоқ хўжалик экинлари билан озиқланади. Йил давомида 15-18 тагача авлод беради. Зараркунанда баргнинг асосан орқа томонида тўп-тўп бўлиб жойлашади. Зарарланган барглар сарғайиб, қуриб қолади. Зарарланган ўсимликнинг гуллари, ҳосил органлари тўкилиб кетади, кучли зарарланган ўсимлик бутунлай қуриб қолади. 2019 йилда республика бўйича полиз майдонлари жами 12,5 минг гектарда ўргимчаккана тарқалиши башорат қилинмоқда.

Полиз экинлари зараркунандалар 2019 йилда республика бўйича  жами 80,2 минг гектарда майдонда тарқалиши башорат қилинмоқда.


ПиёзНИНГ асосий зараркунандалари

 

Пиёз экинида учрайдиган ва ҳосилга жиддий зарар етказувчи пиёз пашшаси, шира-трипс, пиёз канаси ва ва бошқа зараркунандалар киради.

Пиёз пашшаси пиёзга, саримсоққа катта зарар етказади. Сохта ғумбаклари пиёз ва саримсоқ далалари тупроғида 10-20 см чуқурликда қишлайди. Апрель-май ойларида учиб, ўсимликка яқин тупроқ бўлакчалари ва пиёз ва саримсоқ баргларига 5-12 тадан тухум қўяди. Личинкалари одатда тарқалиб кетмай, бир жойда яшайди. Зарарланган пиёз ва саримсоқ бўлаклари чирийди, барглари эса сарғаяди ва қурийди. Битта пиёзда 10-15 та личинка ривожланади. Йилига 2-3 авлод беради.

2019 йилда республика бўйича жами 10,6 минг гектарда пиёз пашшаси тарқалиши башорат қилинмоқда.

Тамаки трипси кўп сабзавот экинларини, айниқса пиёз, карам, тарвуз ва бодринг ўсимликларини кучли зарарлайди. Трипс барг ширасини сўриб, зарар етказади. Зарарланган баргларда оқиш-кумушранг доғлар пайдо бўлади, кучли зарарланганда доғлар қўшилиб кетади, барглар йиртилиб кетади ёки буралиб, сарғайиб, қуриб қолади. Битта урғочи зоти ёш баргларга 100 тагача тухум қўяди. Бир йилда 7-8 авлод беради. Тамаки трипси дастлаб эрта баҳорда жағ-жағ, ёввойи турп, қуртэна, қўйтикан, қўйпечак, сарсабил, отқулоқ каби бегона ўтларда ёппасига кўпайиб, кейин сабзавот экинларига ўтади. 2019 йилда республика бўйича жами 13,6 минг гектарда пиёз шира-трипси тарқалиши башорат қилинмоқда.

Саримсоқ ва пиёз экинларида зараркунандалар 2019 йилда республика бўйича жами      34 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Карам  зараркунандалари

 

 Карам шираси икки йиллик бутгулли бегона ўтларда тухум, личинка ва тирик туғувчи урғочи зот ҳолида қишлайди. Март-апрель бошларида тухумдан чиққан личинкалари озиқланиб, етук урғочи зотга айланади. Улар оталанмасдан тирик туғиб, кўпаяди. Ҳар бир урғочи зот жами 30-40 та личинка туғади. Йилига 14-16 авлод беради. Етук зотлари ва личинкалари карам баргларида тўп-тўп жойлашиб, сўриб озиқланиши натижасида барглар дастлаб рангсизланади, кейин сал қизаради ва буришиб, сўлийди. 2019 йилда республика бўйича жами 8,7 минг гектарда карам шираси тарқалиши башорат қилинмоқда.

Карам оқ капалаги карам, редиска, шолғом ва бошқа бутгулдош экинларни зарарлайди, қуртлари карам баргларини ёппасига кемириб, баргларнинг фақат йўғон томирларини қолдиради. Қуртлари 15-30 кун озиқланиб, дарахт ва бутасимонлар таналарида, ташландиқ бинолар девор ёриқларида ғумбакка ўтади. Йилига 3-4 авлод беради.

Ўзбекистон шароитида зараркунанда ўртаги ва кечки карамни кучли зарарлайди. Карам айниқса бош ўрашидан олдин зарарланса, ҳашаротнинг зарари кўп бўлади ва бунда ҳосил тўла нобуд бўлиши ҳам мумкин. 2019 йилда республика бўйича жами 8,3 минг гектарда карам оқ-капалаги тарқалиши башорат қилинмоқда.

Карам зараркунандалари 2019 йилда республика бўйича жами 24,1 минг гектар майдонларда тарқалиши башорат қилинмоқда.