БОҒ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ ВА КАСАЛЛИКЛАРИ

Ўзбекистон Республикасининг табиий иқлим шароитлари боғдорчилик ривожлантириш, улардан юқори сифатли ва мўл ҳосил олиш учун ғоят қулай. Етиштирилаётган бу маҳсулотлар ўзининг сервитаминлилиги, ширалилиги ва тўйимлилиги билан инсон саломатлиги учун бебаҳо ҳисобланади. Боғ ва токзорлардан муттасил мўл ва сифатли маҳсулот олиш учун уларнинг асосий зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши кураш ишларини доимий равишда ўтказиш зарур бўлади.

Боғларнинг асосий зараркунандалари ва касалликларига қарши кураш чоралари ўз вақтида ўтказилмаган ҳолларда ўртача 35-40% ва ундан кўп ҳосил йўқотилади ҳамда маҳсулот сифати пасаяди.

Зараркунандалар.

Уруғли мевали боғларда (олма, нок ва беҳи) зараркунандалардан олма мевахўри, каналар (ўргимчаккана, қўнғир мева канаси, дўлана канаси), калифорния, бинафша ранг ва бошқа қалқондорлар, шира битлари, куртак ва барг парвоналари, ғилофли, мина ҳосил қилувчи ва гирдак куялар, олма қандаласи, пўстлоқхўрлар ва бошқалар жиддий зарар етказиши мумкин. Данакли мевали боғларда (ўрик, шафтоли, гилос, олхўри ва бошқ.) зараркунандалардан олма ва олхўри мевахўри, қалқондорлар, сохта қалқондорлар, шира битлари, ўрик ва олча филчаси ва бошқалар ривожланади ва катта зарар етказади.

Олма қурти. Республикамиз шароитида ушбу зараркунанда мевали дарахтларга 30-40 фоиз зарар етказади. Чунки,олма қурти жанубий вилоятларда 4 та тўлиқ, шимолий вилоятларда 3 та, тоғли зоналарда эса 2 та авлод бериб ривожланади. Бир қатор омиллар туфайли боғларда зараркунандаларга қарши кураш ишларини тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида ўтказилмаётганлиги натижасида уларнинг сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

2019 йил шароитида май ойининг 1-2-ўн кунлигидан бошлаб қишлаётган олма қурти  ғумбакларидан капалаклари чиқиши аниқланди.

Апрел ойининг охири май ойининг 1-ўн кунлигидан Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоятларида олма мевахўрининг  ғумбаклардан капалакларни чиқиб урчиши, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятларида ойнинг 2-ўн кунлигидан капалакларини учиб чиқиши рўй берди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларининг шимолий туманларида май ойининг 3-ўн кунлигидан капалакларни учиши ва тухум қўйиши кузатилди.

2020 йил республика бўйича олма қуртини деярли барча майдонлардаги боғларда 62,8 минг гектарда тарқалиши кузатилади.

Қалқондорлар. 2019 йилда Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида  шароитида деярли барча боғларда бинафша ранг қалқондор, вергулсимон қалқондор, айрим хўжаликларда калифорния қалқондорини катта майдонларда тарқалиши ва сезиларли зарар келтирганлиги кузатилди. Сохта қалқондорларни олхўри, гилос, ўрик боғларида кўп тарқалганлиги айрим новдаларни қуриб қолишига сабаб бўлди. Қиш даврини илиқ бўлганлиги бу зараркунандаларнинг қишловдан талофатсиз чиқишига сабаб бўлди, натижада кенг майдонларда тарқалишига қулай шароит яратмоқда.

            2020 йил мавсумида республика бўйича қалқондорларни 29,8 минг гектарда сезиларли даражада тарқалиши кутилмоқда.

Мева каналари ва ўргимчаккана. 2018 йил шароитида мева каналари ва ўргимчаккана республиканинг Сурхондарё вилоятининг Ангор, Саросиё, Денов ва Жарқўрғон туманларида, Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Янгийўл ва Юқоричирчиқ туманларида, Фарғона вилоятининг, Қува, Олтиариқ, Фарғона ва Бешариқ туманларининг  деярли барча олмазорларида кенг майдонларда тарқалганлиги кузатилди. 2020 йилда мевали боғ каналарнинг 41,3 минг гектарда тарқалиши кутилмоқда.

Шира-трипслар. Ўтган йил шароитида март ойининг 2-ўн кунлигидан бошлаб шираларни қишловдан чиқиб ривожланиши ва тарқалиши бошланди. Уруғли мевали боғларда олма битини, данакли мевали боғларда ўрик битини жойларда сезиларли даражада зарарлаши ҳолатлари кузатилди. Кузда ўтказилган назорат-кузатув ишлари Фарғона водийси, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва бошқа вилоятлар хўжаликларидаги боғларда зараркунандаларни кўп миқдорда қишловга кетганлигини ва жорий йилнинг баҳор об-ҳавосига боғлиқ ҳолда уларни катта майдонларга тарқалиши ва зарар етказиши кутилмоқда.

 2020 йилда боғларда шира-трипснинг 46,0 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан олинган маълумотлар таҳлил қилинганда, мевали боғларда 2019 йилда мавсумда олма ва олхўри мевахўри (қурти), калифорния, бинафшаранг ва бошқа турдаги қалқондорлар, шира битлари, ўргимчаккана ва мева каналари, олма ва нок қандалалари, ғилофли, олма ва гирдак куялар, куртак ва барг парвоналари, данакли мевали боғларда эса олхўри мевахўри, ўрик ва олча филчаси  тарқалиши башорат қилинмоқда. Тоғ ва тоғолди худудларда тенгсиз ипакчи (непарный шелкопряд), дўлана капалаклари ва куяларни кўпайганлиги кузатилди, 2020 йилда Сурхондарё, Қашқадарё ва бошқа вилоятларда анор қуртини ривожланиб кўпайиши кутилмоқда. 2020 йилда боғларда зараркунандаларнинг жами 226,0 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

       

МЕВАЛИ БОҒЛАР КАСАЛЛИКЛАРИ

Уруғли мевали боғларда 2020 йилда (олма, нок ва беҳи) ун шудринг, калмараз (парша), монилиоз, барг бужмайиш, қора бактериал рак касалликлари ривожланиб, жиддий зарар етказиши кутилмоқда.

Данакли мевали боғларда Ўрик, шафтоли, гилос, олхўри ва бошқа боғларда касалликлардан клястероспориоз (тешикли доғланиш), ун шудринг, барг бужмайиши (курчавость листьев), монилиоз ва бошқалар ривожланши башарот қилинмоқда.

2019 йилда Республиканинг деярли барча вилоятларида беҳи, олма ва нокнинг  новдаларини монилиоз қуриш касаллиги билан зарарланганлиги кузатилди. Шунингдек, данакли мевали боғларда клястериоспориоз, ун-шудринг, шафтолида барг бужмайиши, монилиоз ва бошқа касалликларни тарқалиши ва ҳосилга жиддий зарар етказиши ҳолатлари барча вилоятларда кузатилди.

Бу касалликларни тарқалишига сабаб бўладиган касаллик қўзғатувчи замбуруғ, бактерияларнинг инфекциялари кўплаб сақланиб қолганлиги жойлардаги мутахассислар кузатувлари асосида аниқланди. Бундай ҳолат эса қулай шароитлар бўлганда касалликларни катта майдонларга тарқалишига ва ҳосилга зарар етказишига олиб келиши мумкин.

Калмараз (парша, қўтир) касаллиги - бу касаллик билан олма ва нок барглари, мевалари, новдалари, барг бандлари, мева банди, гул коса барглари зарарланади. Касалланган баргларнинг устки томонида юмалоқ қўнғир доғлар, орқа томонида эса духобасимон тўқ яшил ғуборлар пайдо бўлади, натижада барглар қурийди ва тўкилиб кетади. Касалликнинг биринчи тарқалиш манбаи – касаллик замбуруғлари қишлаб чиққан барглар ҳисобланади. Касалликни дастлабки белгиларининг кўриниши гул япроқларини тўкилиш даврига тўғри келади. Бунинг натижасида ҳосил бўлган замбуруғ конидиялари касалликнинг янгидан тарқалишига сабаб бўлади. Об-ҳавонинг келишига қараб касалликнинг яширин даври 8-12 кун бўлиши мумкин. Ёз мобайнида замбуруғ 8-10 авлод беради. Бу касаллик билан кўпроқ катта ёшдаги дарахтлар ва қалин экилган дарахтлар кучли зарарланади. 2020 йилда боғларда  калмараз (парша) касалликлар жами 28,7 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Тешикчали доғланиш (клястероспориоз) - бу касаллик данакли мева дарахтларини, айниқса, ўрикнинг кенг тарқалган касаллиги ҳисобланади. Касаллик билан ўсимликларнинг асосий ер устки қисмлари: куртаклари, гуллари, гул тугунлари, мевалари, барглари, новда ва шохлари касалланади. Касаллик намгарчилик кўп бўлиб, кундуз куни илиқ бўлган вақтда яхши ривожланади. Касалликка учраган куртаклар нобуд бўлади. Меваларда касаллик ҳар хил кўринишда юзага келади. Ўрик меваларида аввалига нуқта шаклида жуда кичик қизғиш-қўнғир доғлар пайдо бўлади. Меваларнинг йириклашиши билан доғлар ҳам секин-аста катталашиб боради. Касалликка учраган баргнинг кўпчилиги ёки бир қисми қурийди ва тўкилиб кетади. Бу эса қишловчи куртакларнинг уйғонишига олиб келиб, бундай дарахтлар совуққа чидамсиз бўлиш билан бирга келгуси йили эса кам ҳосил беради. Агар касаллик кучайиб кетса, баҳорда барглар тўкилиши мумкин. Барг ва мевани зарарлаб хосилдорликни 30-40 % га пасайтиради, мева сифати бузилади.  2020 йилда боғларда бу  касалликлар жами 23,4 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Монилиоз касаллиги - касаллик баҳорда мева дарахтларининг гуллари ва куртакларини нобуд қилади. Уруғли ва данакли мева дарахтларида мева чириши жуда кенг тарқалгандир. Меванинг чириши қўнғир рангли кичкина доғдан бошланади ва тез ривожланиб бутун мевани қоплайди. Натижада мева эти юмшаб, қўнғир тусга киради ва меванинг таъми ўзгаради. Агар мева уни йиғиш ёки ташиш даврида зарарланса, бундай меваларда ёстиқчалар ҳосил бўлмай қорайиб ёки кўкиш рангга кириб мумланиб қолади. Мумланган асосий мевалар ерга тўкилиб дарахт тагида қишлайди. Дарахтларда ҳам кўпинча мумланган Ғилофли куя ва унинг зарари. Тешикчали доғланиш. Монилиоз (куйдирги) касаллиги 19 мевалар тушмасдан қолиши ҳам мумкин. Замбуруғ мевага фақат жароҳатланган жойдан киради, айниқса, бундай жароҳатларни олма қурти, қушлар, дўл юзага келтириши мумкин. Бундан ташқари, замбуруғ қўтир (парша) таъсирида ёрилган жойдан ҳам киради. Замбуруғ спораларининг мевада тез ривожланиши учун оптимал ҳарорат 24-28 даражадир. Кейинчалик зарарланган мевалар мумланиб қолиб, замбуруғ шу мумланган жойларда қишлаб чиқади. 2020 йилда боғларда  бу касалликлар жами 22,0 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда

2019 йилда монилиоз (куйдирги) касаллиги кўпайиши кузатилди. Айниқса Фарғона водийси туманлардан Қувасой, Қува, Фарғона, Олтиариқ, Бешариқ,  Андижон, Асака, Булоқбоши, Жалақудуқ, Хўжаобод, Олтинкўл, Косонсой, Чортоқ, Янгиқўрғон, Наманган, Тўрақўрғон, Қашқадарё вилояти туманларидан, Китоб, Шахрисабз, Яккабоғ, Самарқанд вилояти туманларидан, Самарқанд, Тойлоқ,  Жомбой, Оқдарё Жиззах вилояти туманларидан, Ш.Рашидов, Бахмал, Ғаллаорол, Тошкент вилояти туманларидан Бўстонлиқ Зангиота, Қибрай, Янгийўл худудларида тарқалди.   

2020 йилда боғларда касалликлар жами 137,5 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

ТОК ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ ВА КАСАЛЛИКЛАРИ

Токзорларда зараркунандалардан узум барг ўровчиси (гроздевая листовертка), ток унсимон қурти, комсток қурти ва ток канаси, шунингдек касалликлардан ун шудринг (оидиум), антракноз, мильдью ва бактериал рак касалликлари етиштирилаётган ҳосилни анча қисмининг йўқотилишига олиб келади ҳамда маҳсулотни сифатини пасайтириб юборади.

Ун ғуборли ток қурти ёки ток унсимон қурти-(Pseudococcus citri Risso,).

Toк новдалари, барглари ва узумнинг ширасини сўради.

Бу қурт шикастлаган токнинг ўсиши секинлашади, узумлари буришади ёки қурийди.

Ташқи кўриниши. Урғочисининг танаси кенг тухум шаклида, мумсимон оқ ғубор билан паналаяган бўлади, ип кўринишидаги жуфт думи танасининг тўрт дан бир ёки бешдан бир қисмига тенг келади. Кўпчилиги бир мавсумда уч марта, баъзилари тўрт марта авлод беради. Чала етилган урғочиси токнинг кўчаётган пўстлоқлари остида ҳамда устун, қозиқ ёриқларида ва бошқа жойларда қишлайди. Қуртнинг урғочиси 3,5—4,0 мм узунликда, кенг овал шаклида бўлиб, оқ мумсимон қават билан қопланган. Териси сарғиш-жигар ранг мумсимон модда билан қоплангак бўлиб, узунасига кетган қорамтир чизиғи бор.

Ток унсимон қурти ҳаммахўр бўлиб, токдан ташқари анжир, цитрус ўсимликлари ва бошқа меваларга, тут дарахтига, ҳар хил полиз экинларига ва декоратив ўсимликларга зарар етказади. Закавказьедаги кузатишларга қараганда, ток қурти кўпайиб кетганда узум ҳосилини баъзан 40—60% гача камайтириб юборади. Зарарланган узум буришиб ёки қуриб қолади, ток новдалари тузук ўсмайди. Ток унсимон қурти карантин зараркунанда ҳисобланади.

Айниқса ёз охирида ва кузда кўпроқ зарар етказади. Ток қуртининг урғочиси занг ва новдаларга 4—40 та, баргларга 100—150 та, шўра бандларига ва ғўрага 250—600 та тухум қўяди. 2019 йилда республиканинг  Сурхондарё, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида узумларнинг шингилларигача тушиб кетганлиги кузатилди. 2020 йилда токзорларда ток қурти зараркунандаси 9,1 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Узум барг ўровчиси. Республиканинг барча вилоятларида токнинг асосий зараркунандаси ҳисобланади. Жанубда, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида апрел ойининг ўрталарида, қолган вилоятларда эса апрел ойининг 3-ўн кунлигидан капалакларни учиши ва тухум қўйиши кузатилди.    Бу зараркунанданинг зарари айниқса хўраки навларда сезиларли бўлди. 2019 йилда айниқса, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида кўпроқ бўлди куз ойлари қулай келганлиги сабабли талофатсиз холда қишлади. 2020 йилда токзорларда бу зараркунандалар 10,5 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Республиканинг барча вилоятларидаги айрим хўжаликлари токзорларида ток канаси (виноградный зудень)ни сезиларли даражада тарқалганлиги ва натижада барглар бужмайиб, баргни орқасида дастлаб оқиш кейин қўнғир жигарранг тусли ғубор пайдо бўлганлиги кузатилади. Бу зараркунанда 2020 йилда токзорларда 5,8 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

2020 йилда токзорларда зараркунандалар 41,7 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.


Ток касалликларидан оидиум (ун-шудринг) касаллиги 2016 йилда токзорларда май ойининг 1-ўн кунлигидан бошлаб ривожланиши ва тарқалиши кузатилди. Кураш тадбирлари ўтказилмаган токзорлар ҳосилига бу касаллик жиддий зарар етказиш ҳолатлари кузатилган.

Токнинг мильдью (сохта ун шудринг) Plasmopara viticola Berl. et de Toni  касаллиги кейинги йилларда баҳор ойлари сернам келганда катта майдонларга тарқалиб, токзорларга жиддий зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда.  Бу касалликни ривожланиши учун ёмғир ва намгарчиликни бўлиши, ҳавонинг нисбий намлиги 85-90 фоиз ва ҳаво-ҳарорати 16-240С бўлиши қулай бўлади.

Мильдью касаллиги доимий тарқаладиган ва ёғингарчилик кўп бўладиган Молдовия, Украина (айниқса Қрим), Кавказорти республикаларида бу касалликка қарши ўртача 8-10 ва 15 мартагача кимёвий ишловлар  ўтказилади. Ўтган 2016-2017 йилларда республика шароитида баҳор ойларида ёғингарчиликни кам бўлганлиги ва ҳавонинг нисбий намлиги паст бўлганлиги сабабли мильдью касаллигини кескин ривожланиши ва катта майдонларга тарқалиши рўй бермади. Аммо, 2018 йилда ёғингарчиликлар кўп бўлди ва касалликни ривожланиши учун қулай шароит вужудга келди. Натижада, Самарқанд, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларида касаллик тарқалиб, токзорларга зарар етказиш ҳоллари кузатилди. Куз ойларида бу касаллик белгиларини баргларда пайдо бўлганлигини  жойларда унинг инфекциялари сақланиб қолганлиги мутахассислар томонидан қайд этилмоқда. Бу эса келгуси 2018 йилга катта инфекция заҳираси сақланиб қолётганлигидан дарак беради. 2020 йилда токзорларда касалликларни тарқалиши баҳор ойлари иқлим шароитларга кўп жиҳатдан боғлиқ ҳолда бўлиб, Токнинг мильдью (сохта ун шудринг)  касаллиги 14,9 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Ун-шудринг (Оидиум) касаллиги (Uncinula necator Burill). Касалликни замбуруғ келтириб чиқаради. Бизнинг республикамиз шароитида жуда кенг тарқалган ва энг хавфли касалликларидан бири ҳисобланади. Касалликнинг биринчи белгилари касалланган кўз куртаклардан ўсиб чиққан ёш новдаларда кўринади. Эрта баҳорда ўсиб чиққан новда ва унинг барглари оқ унсимон ғубор билан қопланган бўлади. Касаллик мева, новда ва баргларни зарарлайди. Зарарланган тўқималар ҳалок бўлади, натижада новдалар ёғочланиши cyст кетади ва қишдаги совуққа чидамсиз бўлиб қолади. Касалланган  баргларнинг икки тарафида ҳам оқ ғубор ҳосил бўлади, кейинчалик бу ғуборлар кулранглашади, шу туфайли ҳам бундай барглар кул сепилганга ўхшаб қоладн. Халқ тилида касалликнинг бу белгисига қараб кул касали деб юритилади. Замбуруғнинг ривожланиши учун энг қулай даража 24-25 ҳисобланади, бу пайтда касалликнинг яширин даври 7 кун давом этади. Замбуруғ намлик паст бўлса, ҳам ривожланаверади. Конидияларнинг ҳосил бўлиши учун энг қулай намлик 50-80 фоиз ҳисобланади. 2019 йилда қуруқчил бўлди ва касалликни ривожланиши учун қулай шароит вужудга келди. Жумладан, Фарғона водийси вилоятлари, Самарқанд, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларида касаллик тарқалиб, токзорларга зарар етказиш ҳоллари кузатилди. Куз ойларида бу касаллик белгиларини баргларда пайдо бўлганлигини  жойларда унинг инфекциялари сақланиб қолганлиги мутахассислар томонидан қайд этилмоқда. Бу эса келгуси 2019 йилга катта инфекция заҳираси сақланиб қолётганлигидан дарак беради. 2020 йилда токзорларда касалликларни тарқалиши баҳор ойлари иқлим шароитларга боғлиқ бўлган ҳолда, Ун-шудринг (Оидиум) касаллиги 23,0 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Антракноз (Gloeosporium ampelophagum Sacc.) Касал чақирувчи замбуруғ асосан ёш тўқималарни зарарлайди. Бу касаллик юқори намлик ва иссиқ вилоятларда жудa катта зарар келтиради. Замбуруғ токнинг ҳамма яшил қисмлари: новда, мева, барг, барг банди ва мўйловларни зарарлайди. Энг аввало касаллик баргларда кўринади, бунда кўзга кўринар-кўринмас оч жигаррангли тарқоқ доғлар пайдо бўлади. Бу доғлар аввалига қорамтир-сиёҳ, кейинчалик қаҳва рангида, бир оз вақт ўтгач кулранг бўлиб қорамтир-сиёҳ рангида ҳошияланиб кўринади. Новдаларнинг зарарланиши хавфлидир. Замбуруғ мицелий ҳолида касалланган новдалардаги яра ичларида ва куртакларида қолиб қишлайди. Улар баҳорда конидиялар ҳосил қилади, конидиялар эса токнинг яшил қисмларини зарарлайди. 2020 йилда токзорларда касалликларни тарқалиши баҳор ойлари иқлим шароитларга боғлиқ бўлган ҳолда, Антракноз касаллиги 15,5 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Ток касаллиги сизот сувлари яқин, қиш ва эрта баҳорда бўладиган совуқлардан зарарланган токзорларда бактериал рак касаллиги токларни сезиларли даражада зарарлаши мумкин.

2020 йилда токзорларда касалликларни тарқалиши баҳор ойлари об-ҳаво шароитларига кўп жиҳатдан боғлиқ ҳолда бўлиб, токларда касалликлар жами 63,2 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

БОҒ ВА ТОКЗОРЛАРДАГИ БЕГОНА ЎТЛАР

Қатор оралари мунтазам ҳайдалиб, ишлов бериб турилмаган боғ ва токзорларда бир ва кўп йиллик бегона ўтларни сезиларли даражада ривожланиши ва тарқалиши кузатилмоқда. Натижада, бу жойларда ҳосилдорликни пасайиб кетиши, бир қатор зараркунандалар ва касалликларни ривожланиши учун қулай шароитлар вужудга келиши мумкин. Айниқса, кўп йиллик бегона ўтлар (ажриқ, ғумай, қамиш) тарқалган майдонлар кўпайиб бормоқда. Шу сабабли бегона ўтларга қарши агротехник, механик ва кимёвий кураш усулларини қўллашга жиддий эътибор қаратилиши, айниқса қатор ораларида гербицидларни қўллаш зарур деб ҳисоблаймиз.