ҒАЛЛА КАСАЛЛИКЛАРИ

ҒАЛЛА ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ

Ғалла зараркунандалар ва касалликлар билан сезиларли ва баъзилари билан кучли даражада зарарланадиган ўсимликлар қаторига киради. Ўзбекистон ҳудудида ғалла биоценозида 16 дан ортиқ зараркунандалар учрайди. Катта майдонларга тарқалиб жиддий зарар етказадиган асосий зараркунандалар зарарли хасва, шира, трипс, шилимшиқ қурт, ғалла пашшалари, визилдоқ қўнғизлар хисобланиб, айрим йилларда қулай шароит пайдо бўлганида оммавий кўпайиб кенг майдонларга тарқалади ҳамда сезиларли даражада ҳосилга зарар етказади.

Республика шароитида бу асосий зараркунандаларга қарши ўз вақтида кураш чоралари ўтказилмаган холларда ҳосилнинг 25-30% ва айрим ҳолатларда ундан ҳам кўпроқ йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Зарарли хасва буғдойнинг тупланиш, най тортиш, бошоқ тортиш ва пишиш фазаларида зарар етказади. Зарарли хасва вояга етган ҳолда ўсимлик қолдиқлари ва барг хазонлари остида қишлайди. Март ойининг учинчи ўн кунлиги – апрель ойи давомида ғаллазорлар томон учиб тарқала бошлайди. Найчалаш даврида зарарланган поя бошоқ чиқармайди ёки бутунлай оқ бошоқ (яъни пуч) бўлиб қолади. Пишмаган бошоқ зарарланиши натижасида дон таркибидаги оқсил ва клейковина миқдори камайиб кетади. Бошоқдаги 2% донларнинг зарарли хасва билан зарарланиши бундай доннинг ун ишлаб чиқариш учун яроқсиз бўлиб қолишига олиб келади. Буғдой ҳосилдорлигини 60% гача камайтиради. Зарарли хасва зарарлаган пайкаллардан олинган уруғлик доннинг униб чиқиши 50% гача камаяди. Зарарли хасва мавсумда 1 марта авлод беради (Хўжаев, 2015 й.).

Зарарли хасва июль-август ойларининг охирида қишловга кетиш учун тоғ ён бағриларига ҳамда адирликларга учиб боради (етук зоти) ҳамда шу ерда ўсимлик қолдиқлари остида қишловга кетади. Айрим йилларда зарарли хасванинг 30-40 фоизи ғалла экилган майдонларнинг ҳайдалмайдиган уватларида қишлаб қолиши ўтказилган кузатувларда аниқланди.

2020 йил шароитида ғалла майдонларида зарарли хасвани 654,5 минг гектарда майдонда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Буғдой трипси барча ҳудудлардаги буғдойзорларда учрайди. Бошоқланиш даври бошланиши билан етук трипслар пайдо бўла бошлайди. Личинкалар бошоқ қобиғи ичига кириб, қобиқ ва гул ширасини, кейинчалик эса дон ширасини сўриб озиқланади. Ҳосил ўрим-йиғимига яқинлашганда личинкалар озиқланишни тугатиб тупроққа туша бошлайди ва ўша ерда ҳамда уватларда кейинги йилгача қишловга кетади. Мавсумда 1 та авлод беради. Кураш чоралари ўтказилмаса буғдой ҳосилдорлигини 50% гача камайтиради.

Соҳа олимларининг кузатувлари ва ўтказилган тажрибаларидан маълум бўлдики (Пўлатов, Ўразбоев, 2009) буғдой трипсининг личинкалари ғалла экилган майдоннинг уватларида ҳамда ғалладошлар оиласига мансуб бўлган бегона ўтларнинг қолдиқларида қишловга кетади (Пўлатов, Ўразбоев, 2017й.).

Ғалла шираси. Ўзбекистон шароитида ғалла экинларига 6 та тур ширалар (оддий ғалла шираси, катта ғалла шираси, арпа шираси, черёмуха ғалла шираси, сули ёки маккажўхори  шираси ва атиргул ғалла шираси) зарар етказади. Баҳорда кунлар исиши билан личинкалар чиқиб озиқлана бошлайди. Тўртинчи гуллашдан кейин қанотсиз урғочиларга айланади. Бу урғочилар тирик туғиб кўпаяди. Кейинги авлодлари қанотсиз ва қанотли тарқатувчиларга ажралади. Мавсум давомида ширалар 10-12 авлод беради. Ширалар доимо ўсимликнинг яшил ва юмшоқ қисмида шарбатини сўриб озиқланади. Натижада ўсимлик сарғайиб қуриб қолади. Кучли зарарланганда ғалла бошоқ тортмайди. Кузги ғаллада ҳамда ғалладошлар оиласига мансуб бўлган ўсимликларда урғочилари қўйган тухумлари қишлаб чиқиши ўтказилган кузатувлар натижасида аниқланди.

2020 йил мавсумида ғалла майдонларида шира-трипсни 132,4 минг гектар майдонда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Шилимшиқ қурт (пьявица). Кемирувчи зараркунанда бўлиб, Республикамизнинг барча ғаллазорларида учрайди. Об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда март ойининг 1-2 ўн кунликларида қишловдан чиқади. Урғочиси занжирсимон шаклда 3-7 тадан 200 тагача тухум қўяди. Тухумдан 7-14 кунда личинка чиқади. Личинкаси икки ҳафта давомида барг билан озиқланиб, шилимшиқ қопламасини ташлаб тупроққа тушади ва 2-3 см чуқурликда ғумбакка айланади. Икки ҳафтадан сўнг пиллада қўнғиз пайдо бўлади ва баҳоргача тупроқда қолади. Шилимшиқ қурт йилига 1 марта авлод беради. Шилимшиқ қурт личинкаси кучли зарарлаганда 50 фоизгача ҳосилни камайтириши мумкин. Бу ҳол айниқса қурғоқчилик йилларида яққол сезилади. Унинг қўнғизи тупроқда қишлайди.

2020 йилда ғалла майдонларида шилимшиқ қуртни 96,0 минг гектарда майдонда тарқалиши башорат қилинмоқда.

2020 йил мавсумида зарарли хасва ва бошқа зараркунандаларни ғалла экилган майдонларда республика бўйича 877,7 минг гектар майдонда ривожланиши ва сезиларли даражада тарқалиши башорат қилинмоқда.

2020 йилда ғалла майдонларида зараркунандаларни тарқалиши башорати

Ҳудудлар

Экин майдони

Зарарли хасва ва бошқа зараркунандалар

Қорақалпоғистон Республикаси

53,0

19,0

Андижон

76,2

73,1

Бухоро

60,6

24,8

Жиззах

101,5

101,5

Қашқадарё

141,0

141,0

Навоий

38,0

24,8

Наманган

74,0

70,0

Самарқанд

101,2

35,9

Сурхондарё

93,0

93,0

Сирдарё

85,0

85,0

Тошкент

116,1

116,1

Фарғона

104,7

84,8

Хоразм

33,2

8,8

Жами

1077,6

877,7

 

 

ҒАЛЛА КАСАЛЛИКЛАРИ

Сариқ занг касаллиги. Сариқ занг замбуруғлари баргларда узун қатор-қатор жойлашган сариқ доғлар ҳосил қилади. Бу касалликни экинларга тарқалиши ва қишлаши қўнғир зангдан фарқ қилмайди. Сариқ занг споралари 0°Сда ўсишни бошлайди ва ҳаво ҳарорати 8-13°С га етганда тўқималар ичига киради. Янги споралар 12-15°С ҳароратда ҳосил бўлади ва шамол ёрдамида фаол тарқалади. Буғдой ҳосилдорлигини 50-60%, айрим ҳолларда 100% гача йўқотилиши мумкин.

Қўнғир занг касаллиги. Касаллик белгиларидан бири – баргларда думалоқ, тарқоқ ҳолда жойлашган, сарғиш-қўнғир доғ ҳосил бўлишидир. Улар ичида ривожланган споралар бошқа ўсимликларга ҳаво ҳарорати 23-26°С га етганда шабнам, ёмғир ва шамол ёрдамида ўтади. Касаллик манбаи ёввойи ҳолда ўсадиган бошоқли бегона ўтлардир. Споралар кузги буғдой экинларига ўтади ва касаллик тарқалади. Қишда замбуруғ майсаларнинг ичида мицелий ва пустула ҳолида қишлайди. Буғдой ҳосилдорлигини 25-50% гача камайтириши мумкин.

2020 йилда занг касалликларини республика бўйича 876,9 минг гектар майдонда сезиларли даражада тарқалиши кутилмоқда.

Ун шудринг касаллиги. Касалликнинг дастлабки белгилари ўсимликларнинг баргларида оқ пахтасимон доғ қатлами ҳосил қилиш билан бошланади. Сўнгра қатлам қалинлашиб, кулранг ёки сарғиш-кулранг, бўртиб чиққан ёстиқчалар тусига киради. Касаллик пастки баргдан юқоридаги баргларга ва бошоқларга ўтади. Ёстиқчалар устида касаллик қўзғатувчи замбуруғнинг конидиялари пайдо бўлади. Конидиялар шамол орқали бошқа ўсимликларга ўтади. Касаллик ҳаво ҳарорати 15 – 20°С ва нисбий намлиги 80 – 95% бўлганида жуда ҳам тез тарқалади ва ривожланади. Буғдой ҳосилдорлигини 25 – 30% гача камайтириши мумкин.

2020 йилда ғалла майдонларида ун-шудрингни 118,1 минг гектар майдонда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Септориоз касаллиги Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё ва Фарғона водийси вилоятларида кенг тарқалади. Бу касаллик буғдой баргларида қора мева таначаларини ҳосил қилади ва улардан конидиялар чиқиб ёмғир ва шамол ёрдамида бошқа ўсимликларга ўтиб тарқалади. Замбуруғнинг пикнидиялари ва мицелийлари қишловдан чиқиб баҳорда ёш ўсимлик майсаларга тарқалади. Буғдой ҳосилдорлигини 35-45% гача камайтириши мумкин.

2020 йил шароитида ғалла касалликларининг ўтган йилларга қараганда кўпроқ ривожланиши ва тарқалиши башорат қилинмоқда. Бу ҳолат касалликларни экилган асосий навларга нисбатан агрессив ирқларини (расаларини) мавжудлиги, споралар заҳирасига, баҳор ойлари об-ҳаво шароитлари, чидамли ва чидамсиз навлар экилган майдонларга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади.

2020 йил мавсумида республика бўйича 950,5 минг гектар майдонда занг ва бошқа касалликларнинг ривожланиши ва сезиларли даражада тарқалиши башорат қилинмоқда.

2020 йилда ғалла майдонларида касалликларни тарқалиши башорати

 

 

 

Ҳудудлар

Экин майдони

Занг ва бошқа касалликлар

Қорақалпоғистон Республикаси

53,0

 

Андижон

76,2

76,2

Бухоро

60,6

16,4

Жиззах

101,5

101,5

Қашқадарё

141,0

141,0

Навоий

38,0

32,1

Наманган

74,0

74,0

Самарқанд

101,2

101,2

Сурхондарё

93,0

93,0

Сирдарё

85,0

85,0

Тошкент

116,1

116,1

Фарғона

104,7

104,7

Хоразм

33,2

9,3

Жами

1077,6

950,5