Ғўза зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтлар

Башорат маълумотларини тайёрлаш асослари

Қишлоқ хўжалик экинларининг асосий зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларини ривожланиши ва тарқалиши бўйича кузатув – назорат ўтказиш уларни сонини, зарарлаш ва зарар етказиш даражасини ҳисобга олиш ишлари, бу ишлар асосида башоратномаларни тайёрлаш қуйидаги адабиётлар, тавсиялар ва кўрсатмалар асосида олиб борилади :

  1. Методические указания по выявлению и учету численности энтомофагов вредителей сельскохозяйственных культур Москва “Колос” – 1976г.
  2. Экология хлопковой совки и сроки борьбы с ней. Ташкент-1968г.
  3. Инсектицид, акарицид, биологик фаол моддалар ва фунгицидларни синаш бўйича услубий кўрсатмалар. Давлат кимё комиссияси II- нашр, Тошкент -2004 й.
  4. Фенология насекомых. Москва-1969 г.
  5. Вредная черепашка. Москва «Агропромиздат»-1992 г.
  6. Экинлар зарарли организмларни ривожланиши ва тарқалишининг башорати. Тошкент, “Ўқитувчи” нашриёти -2007й.
  7. М.Бабаханова, Р.О.Очилов, А.У.Сагдуллаев ва бошқалар. “Қишлоқ хўжалик экинларида асосий зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларнинг ривожланиши ва тарқалишини башорат қилиш бўйича услубий қўлланма” . Тошкент -2010й.
  8. В.В. Яхонтов, “ Ўрта Осиё қишлоқ хўжалиги зараркунандалари”, Ўрта ва олий мактаб Тошкент- 1962 й.
  9. Ш.Т.Хўжаев “Энтомология, қишлоқ хўжалик экинларини ҳимоя қилиш ва агротоксикология асослари”, Фан-2010й.
  10. ЎзР ВМ Давлат кимёкомиссияси “Ғалла ва шолини зараркунанда, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш”, Тошкент-1999 й.
  11. Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий тадқиқот институти, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Агрокимёҳимоя” АЖлари томонидан тайёрланадиган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қишлоқ хўжалик экинлари  зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларнинг ривожланиши ҳамда тарқалиши тўғрисида узоқ муддатли (йиллик) ва қисқа муддатли (ойлик) башоратномалар.

КИРИШ

Қишлоқ хўжалик экинларининг асосий зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларни ривожланиши ва тарқалиши бўйича узоқ муддатли ва қисқа муддатли башорат маълумотлари жойлардан (зарарли организмларни фермер хужаликлардаги доимий кузатувлар ўтказиладиган экин майдонларида, туманлар ҳудудидаги экинзорларда ва вилоятлар бўйича тарқалиш майдонлари хисобга олинган холда) олинган маълумотлар, зараркунандаларни қишловга кетиш ва қишловдан чиқиши, ўтган йилдаги ва жорий йилдаги об-ҳаво шароитлари, зарарли организмларни ҳудудларда тарқалиши бўйича кўп йиллик маълумотлар ва бошқа бир қатор омиллар ҳисобга олган ҳолда тайёрланади.

Йиллик, мавсумий ва ойлик об-ҳаво шароитлари ғалла экинларининг зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларни ривожланиши ва тарқалишига таъсир қиладиган энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

2017 йил об-ҳаво шароитлари мавсумда қишлоқ хўжалик экинларининг бир қатор асосий зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларни кўпайиши ва тарқалиши учун қулай бўлди. Шу сабабли, жойлардаги фитосанитария ҳолати ўтган йилларга нисбатан бир мунча мураккаб бўлди, доимий равишда кузатув назорат ишлари ўтказилиб, бу маълумотлар асосида кураш чоралари кўрилди.

2018 йил мавсумида зарарли организмларни ривожланиши ва тарқалиши кўп жиҳатдан қишловга кетиши, қишловдан чиқишига ва баҳор - ёз ойларининг об-ҳаво шароитларига боғлиқ бўлади.

ҒЎЗА ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ

Ғўза зараркунандалар ва касалликлар билан сезиларли ва баъзилари билан эса кучли даражада зарарланадиган ўсимликлар қаторига киради. Ўзбекистон ҳудудида ғўза биоценозида 200 дан ортиқ зараркунандалар учрайди. Катта майдонларга тарқалиб жиддий зарар етказадиган асосий зараркунандалар ўргимчаккана, беда, полиз ёки ғўза бити (ширалар), тамаки трипси, сўқир қандалалар (дала, шувоқ, беда ва ғўза қандалалари), тунламлар (кузги тунлам ёки илдиз қурти, ғўза тунлами ёки кўсак қурти, кичик ер тунлами ва бошқалар), карадрина, иссиқҳона ва ғўза оққаноти ҳисобланади. Умуман олганда 10-15 турдаги зараркунандалар ғўзага жиддий зарар етказади ва 50 тур атрофидаги зараркунандалар (чигирткалар, дашт ва бордо чирилдоғи ёки қора чигирткалар, бузоқбошилар, ғўза саратони, цикадкалар, қора танли ва кескир қўнғизлар, симқуртлар, чангхўрлар, ғўзапоя куяси, чўл халтачаси, маккажўхори капалаги, ундов, ёввойи ипсилон, қора елкали, тасмали катта, гамма, йўнғичка ва мингдевона тунламлари, майса пашшаси) айрим йилларда қулай шароит пайдо бўлганда аҳён-аҳёнда сезиларли даражада зарар етказиши мумкин.

Республика шароитида бу асосий зараркунандаларга қарши ўз вақтида кураш чоралари ўтказилмаган ҳолатларда ҳосилнинг 25-30 % ва ундан ҳам кўпроқ фоизи йўқотилиши мумкин.

Кузги тунлам ёки илдиз қурти Республикада кенг тарқалган бўлиб, унинг қуртлари 34 та оилага мансуб бўлган юзлаб тур ўсимликларга зарар етказади. Қуртлари 5 та ёшни бошдан кечиради. 5 ёшлик қуртлик фазасида тупроқнинг 5-15 см чуқурликда қишлайди. Капалаклари ўртача 500-600 тагача тухум қўяди. Ўзбекистон шароитида 3 марта авлод беради. Биринчи авлод қуртлари ғўзага жиддий зарар етказади.

Кузги тунлам куз ойларида ҳаво ҳарорати 250С дан пасайганда катта ёшдаги қуртлар сабзавот ва полиз, картошка, маккажўхори, ғўза ва бошқа экинлар майдонларида, уватлар ва ариқлар четларида қишловга тайёргарлик кўра бошлайди, ўртача 4000С фойдали ҳарорат йиғиндиси олиб ва тупроқнинг 5-15 см чуқурлигида қишловга кетади.

Эрта баҳорда тупроқдаги ўртача ҳарорат 100С бўлганда юқорига кўтарилиб, ғумбакка айланади ва фойдали ҳароратлар йиғиндиси 500С га етганда (ўртача ҳаво ҳарорати 120С) капалаклар учиб чиқа бошлайди. Капалаклар ўсимликларнинг гулларини нектари билан озиқланиб, шароитга боғлиқ ҳолда 20-40 кун яшайди. Ҳаёти давомида капалаклар ўртача 750-1000 та атрофида, айримлари 2000 тагача тухум қўяди, тухумларини ўсимликларнинг илдиз бўғзига ёки тупроқ юзасига якка-якка ёки тўда-тўда қилиб қўяди.

Бир авлод (туҳум, қурт, ғумбак, капалак)нинг ривожланиши учун ўртача 100С дан юқори бўлган фойдали ҳароратлар йиғиндиси 5500С бўлиши керак бўлади.

2018 йил мавсумида жойлардан олинган маълумотларга асосан март ойининг охиридан бошлаб қишлаб чиққан кузги тунлам қуртларининг ғумбакка айланиши кузатилди. Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий вилоятларида кузги тунламнинг ёппасига ривожланиши (капалакларни учиши, тухум қўйиши, қуртларнинг чикиши) апрель ойнинг 2-3-ўн кунлигида кузатилди. Сурхондарё вилоятида ойнинг охиридан бошлаб ғўза ниҳолларига зарар келтириши кузатилди. Фарғона водийси, Жиззах, Самарканд, Тошкент, Сирдарё, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий ҳудудларида кузги тунлам капалакларининг учиши апрел ойининг охиридан кузатилиб, бегона ўтларни ва эрта экилган қишлоқ хўжалиги экинларини зарарлаши кузатилди. Бу зараркунандаларни кўпайиши ва тарқалиши олдини олиш мақсадида профилактик тадбирларга катта эътибор берилди.

Башорат маълумотларига асосан 2019 йилда Андижон вилоятининг Балиқчи, Избоскан, Улуғнор, Қўрғонтепа, Шахрихон, Пахтаобод, Мархамат, Қашқадарё вилоятининг Косон, Қарши, Касби, Ғузор, Миришкор, Нишон, Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Поп, Норин, Наманган, Учқўрғон, Косонсой, Чуст, Сурхондарё вилоятининг Денов, Қизириқ, Қумқўрғон, Шеробод, Шурчи, Ангор, Жарқўрғон, Музробод, Узун, Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Боёвут, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё, Ховос, Гулистон, Мирзаобод, Фарғона вилоятининг Бешариқ, Қўштепа, Данғара, Олтиариқ, Қува, Фарғона, Фурқат, Боғдод, Кува, Бувайда, Ёзёвон, Бухоро вилоятининг Қоровулбозор, Жондор, Ромитан, Ғиждувон, Бухоро, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Қизилтепа, Кармана, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом, Пайариқ, Иштихон, Каттақўрғон, Нарпай, Оқдарё, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Зарбдор, Мирзачўл, Пахтакор, Арнасой, Ш.Рашидов, Зафаробод ва Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Элликқалъа, Беруний, Турткўл, Кегейли туманларида бу зараркунанданинг зарари бошқа туманларга нисбатан кўпроқ бўлиши кутилмоқда.

2019 йил мавсумида кузги тунлам деярли барча қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларида тарқалиши мумкин, жойлардан олинган маълумотлар таҳлил қилинганда, республика бўйича иқтисодий зарар етказиш мезонидан юқори сонда 128,74 минг гектар ғўза майдонларида тарқалиши кутилмоқда.

Шира ва трипс. 2018 йил мавсумида бу зараркунандаларни март-апрел ойларидан бошлаб дала четларидаги бегона ўтларда, бошоқли ғалла, сабзавот ва полиз, маккажўхори экинларида май ойининг 1-ўн кунлигидан бошлаб эса ғўза ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик экинларида ривожланиши ва тарқалиши кузатилди. Ўтган йил мавсумида сўрувчи зараркунандаларни ғўза майдонларида сезиларли даражада тарқалганлиги кузатилди. Шу жумладан, Андижон вилоятининг Избоскан, Олтинкўл, Улуғнор, Балиқчи, Мархамат, Бўз, Пахтаобод, Шахрихон, Андижон, Булоқбоши, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор, Зарбдор, Арнасой, Зафаробод, Ш.Рашидов, Қашқадарё вилоятининг Ангор, Қумқўрғон, Узун, Миришкор, Гузор, Косон, Муборак, Яккабоғ, Қамаши, Қарши, Касби, Нишон, Чироқчи, Шахрисабз, Навои вилоятининг Хатирчи, Қизилтепа, Навбахор, Кармана, Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Норин, Учқўрғон, Чуст, Уйчи, Поп, Наманган, Косонсой, Чортоқ, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Пастдарғом, Оқдарё, Иштихон, Пайариқ, Нарпай, Пахтачи, Сурхондарё вилоятининг Денов, Қизириқ, Музробод, Шеробод, Ангор, Жарқўрғон, Қумқурғон, Термиз, Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё, Бойсун, Тошкент вилоятининг Чиноз, Бўка, Оққўрғон, Пискент, Қуйичирчиқ, Сирдарё вилоятининг Ховос, Оқолтин, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё, Фарғона вилоятининг Данғара, Қўштепа, Ёзёвон, Учкўприк, Олтиариқ, Қува, Бувайда, Бешариқ, Фурқат, Ўзбекистон, Тошлоқ, Боғдод, Хоразм вилоятининг Қўшқўпир, Хазорасп, Хонқа, Урганч, Шовот, Янгибозор, Боғот туманларида аниқланди.

2019 йилда сўрувчи зараркунандалар шира-трипсларни деярли барча ғўза майдонларида ривожланиши ва тарқалиши кутилмоқда, шу жумладан 348,25 минг гектарда иқтисодий зарар етказиш мезонидан юқори сонда тарқалиши башорат қилинмоқда.

2019 йилда бу зараркунандаларнинг кўпайиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида, биринчи навбатда агротехник тадбирлар билан бир қаторда дала атрофларида кимёвий профилактик ишловлар, минерал ўғитлар суспензиясини 2-3 марта такрорий ўтказишга эътибор берилса самараси юқори бўлади. Жойларда биологик кураш усулини кенг қўллаш, яъни олтинкўз фойдали хашаротини биолабораторияларда етарли миқдорда кўпайтириш ва эрта муддатларда дала четлари ва ғалла майдонларига тарқатиш муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.

Ғўза тунлами ёки кўсак қурти.  Ғўзанинг гули, шонаси ва кўсакларни зарарлайди. Ўсув нуқтасига биттадан тухум қўяди. Тухумлари гумбазсимон. Хаёти давомида ўртача 400 - 600 та тухум қўяди. Қуртларини танаси оч яшил, кўкиш сарғиш рангдан тортиб, қорамтир ранггача бўлади. Танасининг ёнлари бўйлаб тўлқинсимон чизиқлар ўтади. Ўзбекистоннинг шимолий туманларида 3-4 та, жанубий туманларида эса 4-5 та авлод беради. Кўсак қурти кузда қайси ўсимликларда озиқланган бўлса, унинг ғумбаклари шу ўсимликка яқин жойдаги тупроқнинг 10-15 см чуқурлигида қишловга кетади.

Ғўза тунламининг келгуси йилда оммавий кўпайиши диапаузага кетган ғумбакларни миқдорига боғлиқ бўлади. Ғумбакнинг диапаузага кетиши, қуртларни турли экинларда озиқланиши боғлиқ бўлиб, биринчи ёшдаги қуртларни ўртача ҳаво ҳарорати 250С бўлган маккажўхори сут пишиши ёки ғўзада кўсакларни дастлабки очилиши даврида озиқланишига боғлиқ бўлади. Бунда қуртларни тўлиқ ривожланиши учун фойдали ҳарорат йиғиндиси 300-3500С етарли ҳисобланади. Тупроқнинг 10-15 см чуқурлигида ғумбак фазасида қишловга кетади.

Баҳор ойларида 10 см чуқурликдаги тупроқнинг ҳарорати ўртача 16-170Сдан ошганда (ўн кунликдаги ҳавонинг ўртача ҳарорати 18-200С бўлганда) қишловдан чиққан капалаклар учади ва тухум қўя бошлайди. Республикада кўсак қурти 3-5 та авлод беради.

Бир авлод (тухум, қурт, ғумбак, капалак)нинг ривожланиши учун 110С дан юқори бўлган фойдали ҳароратлар йиғиндиси 5500С бўлиши зарур.

Ўтган йил май ойи давомида республикамизнинг барча вилоятларида бу зараркунанданинг биринчи авлоди қуртларининг ривожланганлиги ва тарқалганлиги ҳамда жанубий вилоятларда ойнинг 1-ўн кунгилидан ғумбакка айланганлиги ва ойнинг 2-ўн кунлигидан эса ғумбаклардан 1-авлод капалакларини учиб чиққанлиги кузатилди.

Кўсак қуртининг 2-авлоди ёки 1-“ғўза” авлодининг капалакларини оммавий учиши ва тухумдан эрта чиққан қуртларни ғўза шоналарини зарарлаши Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида июн ойининг 1-ўн кунлигидан, Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ойнинг 2-ўн кунлигидан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларининг шимолий туманларида июнь ойининг охирги ўн кунлигидан кузатилди.

Июль ойининг 1-ўн кунлигида республикамизнинг жанубида Сурхондарё вилоятида зараркунанданинг 2-ғўза авлодини ривожланиши ва тарқалиши сезиларли даражада бўлиши ва ғўза шоналарига зарар бериши кузатилди, бу ҳолат Фарғона водийси, Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва бошқа вилоятларнинг айрим туманларида ойнинг 2-ўн кунлигида рўй берди.

Август ойида республикамизнинг жанубий ҳудуди Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ойнинг 1-ўн кунлигидан кўсак қуртининг 3-ғўза авлод капалакларининг учиши, тухум қўйиши ва тухумдан чиққан қуртларнинг зарар келтириши Қорақалпоғистон Рсспубликаси, Хоразм, ва Бухоро вилоятларининг шимолий туманларида эса бу зараркунанданинг оммавий ривожланиши ва тарқалиши ойнинг 2-ярмидан, Жиззах, Самарканд, Сирдарё, Наманган, Фарғона, Андижон, Тошкент вилоятларида эса ойнинг 2-3 ўн кунлигида кузатилди.

2018 йил йил мавсумида Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Учқўрғон, Поп, Наманган, Норин, Чуст, Уйчи, Косонсой, Тўрақўрғон, Фарғона вилоятининг Қува, Данғара, Ёзёвон, Боғдод, Қўштепа, Учкўприк, Олтиариқ, Ўзбекистон, Бешариқ, Бувайда, Олтиариқ, Риштон, Тошлоқ, Фуркат, Андижон вилоятининг Улуғнор, Балиқчи, Шаҳрихон, Пахтаобод, Олтинкўл, Бўз, Мархамат, Қашқадарё вилоятининг Қарши, Миришкор, Нишон, Касби, Косон, Навоий вилоятининг Кармана, Қизилтепа, Хатирчи, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом, Пайариқ, Каттақўрғон, Нарпай, Иштихон, Пахтачи, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Зарбдор, Мирзачўл, Пахтакор, Арнасой, Ш.Рашидов, Зафаробод, Тошкент вилоятининг Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Пискент, Қуйичирчиқ, Чиноз, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ, Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин, Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Сайхунобод, Ховос, Сирдарё, Сурхондарё вилоятининг Музработ, Денов, Шеробод, Шўрчи туманларидаги ғўза майдонларида зараркунанданинг тарқалганлиги аниқланди. Сентябрь ойининг ўрталаридан қуртларнинг асосий қисмини кишловга тайёргарлик кўриб, тупроқнинг 8-12 см чуқурликдаги катламига тушиши ва кейинроқ ғумбакга айланиши кузатилди. Октябр ойининг ҳам нисбатан илиқ келганлиги сабабли зараркунанданинг қуртларини ривожланишини давом этганлиги ва қишловга кетганлиги жойларда аниқланди.

Республикада куз ойлари (сентябр-октябр) об-ҳавосининг кўсак қуртини ривожланиши учун қулай келганлиги ва уларни озуқага тўйган ҳолатда қишловга кетиши учун шароит етарли бўлганлиги, қишловдан кўп сонда чиқиши, бу зараркунандани 2019 йил мавсумида уларни бирмунча кўп майдонларга тарқалиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Жойларда ўтказилган кузги кузатувлар натижаларига асосан, 2019 йил мавсумида кўсак қуртини деярли барча ғўза майдонларида тарқалиши кутилмокда, шу жумладап 342,69 минг гектар ғўза майдонларида иқтисодий зарар етказиш мезонидан юқори сонда ривожланиши ва тарқалиши башорат қилинмоқда.

Кейинги йилларда ғўза қатор ораларига шудгор қилинмасдан бошоқли ғалла экинларини катта майдонларга экилиши ғўза зараркунандаларининг асосий қисмини, шу жумладан кўсак қуртини ҳам бу ерларда кўплаб миқдорда қишлаб қолишига сабаб бўлмокда. Ундан ташқари ғалладан кейин кечки (оралиқ) экинларининг экилиши ҳам жойларда кўсак қуртининг кўплаб заҳирасини вужудга келтирмокда. Шу сабабли, эрта баҳорда ўтказиладиган кузатув ва назорат ишларини ҳамда бу зараркунандага қарши профилактик биологик кураш тадбирларини ғўза қатор орасига ғалла экилган майдонлардан бошлаш зарур бўлади.

Карадрина ёки ғўза барг қурти. Бу зараркунанда 114 турдан ўсимликларга, шу жумладан 70 турдан ортиқ экинларга жиддий зарар етказиши маълум. Унинг қуртлари ғўза билан бир қаторда беда, каноп, мош, нўхат ва кўплаб сабзавот экинларини кучли даражада шикастлайди. Унинг 1та авлодини ривожланиши учун 10°С дан юқори ҳароратлар йиғиндиси 350° бўлиши керак. Бир йилда 5-6 марта насл беради, ҳар бир авлоди ўртача 30-35 кунда тўлиқ ривожланиб бўлади. Карадрина айрим йиллар жуда кўпайиб ғўза ва бошқа экинлар жиддий зарар келтиради. Кейинги йилларда республикада ғўза ва бошқа экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилишда биологик усул кенг кўламда қўлланилаётганлиги, табиий биофон мувозанатга келганлиги ва бошқа омиллар туфайли карадринани катта майдонларга тарқалиш холлари кузатилмаяпти.

Ўргимчаккана. Ғўзанинг ашаддий зараркунандаси бўлиб, 248 тур ўсимлик билан озиқланади. Шундан 37 тури қишлоқ хўжалик экинлари. Ўргимчаккана 160 тагача тухум қўяди. Ўзбекистонда 16-18 тагача авлод беради. Шундан 10-14 авлоди ғўзада ривожланади.

Ҳавонинг ҳарорати 5-10°С бўлганда ўргимчакканаларни қишловдан чиқиши (каналарни ривожланиши учун ҳарорат 7,3 °С дан юқори бўлиши зарур) кузатилиб, уларни тухум қўйиш учун атрофдаги бегона ўтларга тарқалиши бошланади. Каналарни ривожланиш (тухум, личинка, нимфа дейтонимфа (иккинчи нимфа), имаго) даври кўп жиҳатдан ҳароратга боғлиқ бўлиб, апрел ойида 25-30 кун, майда 15-20 кун, ёзда 7-12 кун давом этади ва мавсумда 10-18 та авлод беради. Бир авлоднинг тўлиқ ривожланиши учун фойдали ҳароратлар йиғиндиси 200°С бўлиши зарур.

2018 йилда бу зараркунандани март ойда, ўртача суткалик ҳаво ҳарорати +7,3° дан ошганда қишловдан чиқиб, бегона ўтлардан (тугмача гул, сутлама ва бошкалар) кабиларда ривожланиши кузатилди. Март ойи охирида ҳаво ҳароратини кўтарилиши сабабли ўргимчаккананинг ривожланишини бошланди, апрель ойида кунларни исиб кетиши натижасида дала четларидаги бегона ўтларда тез ривожланди ва тарқалди. Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида эрта экилган сабзавот экинлари ва плёнка остига экилган ғўза ниҳолларига ўргимчакканани апрель ойининг охирги ўн кунлигидан ўтиши ва тарқалиши курилди.

Июнь ойида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан Республиканинг Фарғона водийси, Тошкент, Сурхондарё, Самарканд, Сирдарё вилоятларининг айрим туманларида ўргимчакканани кўпрок майдонларда тарқалиши кузатилди. Ой давомида ўргимчаккананинг Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида 5- ва 7-авлодларини Тошкент ва Фарғона водийси вилоятларида эса 4-6-авлодларининг ривожланиши кузатилди.

Июнь ва июль ойлари ўргимчаккананинг ривожланиши учун қулай келди ва 1 та ўсимликда ўртача сони 150-270 донагача учради, ўргимчакканаларни ғўзада, сабзавот экинлари ва бегона ўтларда ривожланиши ва кўпайиши давом этди.

Июль ойида республиканинг жанубий вилоятларида ўргимчаккананинг 10-11-авлоди ва қолган вилоятларда эса 8-9 авлодларини ривожланиши кузатилди. Июнь-июль ойларида бир авлод билан кейинги авлод зараркунандаларининг қўшилиб ривожланиши, бир вақтнинг ўзида тухум, личинка, нимфа ва имаго (вояга етган ўргимчаккана)ни бўлиши қарши кураш ишларини самарали ўтказишга салбий таъсир кўрсатди.

Август ойида ҳаво ҳароратининг юқори бўлганлиги бу зараркунанданинг ривожланишига ва тарқалишига қулай шароит яратди.

2018 йилда мавсумида бу ҳавфли зараркунандани Андижон вилоятининг Улуғнор, Балиқчи, Шахрихон, Олтинкўл, Бўз, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Андижон, Мархамат, Пахтаобод, Булоқбоши, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Зарбдор, Мирзачўл, Пахтакор,  Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Касби, Косон, Нишон, Яккабоғ, Қамаши, Ғузор, Муборак, Навоий вилоятининг Қизилтепа, Навбаҳор, Хатирчи, Кармана, Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Учқўрғон, Поп, Норин, Уйчи, Тўрақўрғон, Косонсой, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом, Иштихон, Каттақўрғон, Оқдарё, Пайариқ, Пахтачи, Нарпай, Сурхондарё вилоятининг Шўрчи, Қизириқ, Жарқўрғон, Шеробод, Ангор, Олтинсой, Узун, Термиз, Денов, Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Гулистон, Сирдарё, Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод, Сайхунобод, Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ, Бўка, Бекобод, Оққўрғон, Пискент, Чиноз, Ўртачирчиқ, Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Қува, Ёзёвон, Данғара, Учкўприк, Боғдод, Қўштепа, Ўзбекистон, Фарғона, Бувайда, Тошлоқ, Бешариқ, Хоразм вилоятининг Янгиариқ, Гурлан, Хазорасп, Хонқа, Урганч, Янгибозор, Шовот туманларида тарқалганлиги аниқланди ва айрим хўжаликларидаги ғўза пайкалларида сезиларли даражада кўпайганлиги кўрилди.

Сентябрь ойидан бошлаб ғўзада тўқсариқ, қизил рангли ўрғочи ўргимчакканалар пайдо бўла бошлади ва бир қисм ўргимчакканаларни  диапаузага кетиши кузатилди.

Октябрь ойларида ҳам ҳаво ҳарорати илиқ келганлиги сабабли ўргимчакканаларни пахта далаларида, йўл ва ариқ ёқаларидаги тупроқ ёриқларида якка ва тўп-тўп бўлиб қишловга кетганлиги аниқланди.

2019 йилда бу зараркунандани асосан ўтган йили кучли даражада тарқалган майдонларда кўп бўлиши кутилмоқда. Кузги назорат ишлари натижалари жойларда ўргимчакканаларни жуда кўп миқдорда қишловга кетганлигини кўрсатмокда. Шу сабабли 2018 йил мавсумида республика бўйича ўргимчакканани жами 435,57 минг гектар ғўза майдонларида иқтисодий зарар етказиш мезонидан юқори микдорда ривожланиши ва тарқалиши башорат қилинмокда.

Кандалалар. Ярим қаттиқ қанотлилар туркимига мансуб бу ҳашоратлар асосан беда, лавлаги, каноп, шўра ва бошқа турдаги ўсимликларни сўриб озиқланади. Ғўза пайкалларида қандалаларнинг 20 тури қайд қилинган, улар орасида асосан дала, беда ва ғўза қандаласи шона ва ёш кўсакларни сўриб ғўзага катта зарар етказади. Мавсумда 3-4 марта насл беради. Қандалалар етук қашорат ҳолатида турли хил ўсимликлар қолдиқлари остида қишлайди.

2018 йил йил мавсумида дала ва беда қандаласини Сурхондарё вилоятининг Музробод, Қизириқ, Шеробод, Денов, Шўрчи, Ангор, Жарқўрғон, Узун, Қумқўрғон, Сариосиё, Термиз, Бухоро ва Фарғона вилоятларининг айрим хўжаликларида сезиларли даражада ривожланиши ва тарқалиши кузатилди. 2019 йилда юқоридаги вилоятларда қишловдан чиқадиган миқдорига боғлиқ ҳолда тарқалиши ва зарар етказиши кутилмокда.

2019 йилда қандалаларни 101,23 минг гектар ғўза майдонларида ривожланиши ва тарқалиши башорат қилинмоқда.

Ғўзанинг асосий касалликлари

Гоммоз. Ҳамдўстлик давлатларининг пахтачилик хўжаликларида қолаверса, республикамизда ғўзанинг хамма навларида учрайдиган энг хавфли касаллик ҳисобланади.

Гоммоз тушган кўсакларда тўқ яшил, юмалоқ шаклдаги мойсимон доғлар пайдо бўлади. Кўсак чаноғининг касалланган жойлари парчаланиб бузилади ва гоммоз бактериялари пахта толасига ўтади.Бундай холларда пахта толаси оч жигарранг тусга киради, айрим толалар елимсимон шира билан бир-бирига ёпишиб қолади. Касалликни қўзғатувчи бактериянинг ривожланиши ва ўсимликларнинг касаллантириши учун энг қулай харорат 25-280С бўлиб бундан ортиқ хароратларда хаётчанглиги пасайади. Бактериялар сернам тупроқда ёки сувда 15-20 кунда нобуд бўлади. Қуруқ жойларда эса бир неча йилгача яшаш қобилиятини йўқотмайди. Касаллик асосан уруғлик чигит билан тарқалади. Касаллик уруғбаргларга ичидан ва ташқаридан касалланган чигит орқали юқиши мумкин.

Илдиз чириш. Бу касаллик соз тупроқли ва ер ости (сизот) сувлари юза жойлашган ерларда чигит ва ғўза майсаларига катта зарар етказади. Касалланган пахта даласининг ёмғир сувлари тўпланадиган пастлик жойларидаги майсаларга кўпроқ тушади.

Ерларни сифатсиз ҳайдалиши, ер бетини қатқалоқ босиши, чигитни ҳаддан ташқари чуқур экилиши бу касалликнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Касалликнинг ташқи белгилари - бу касалликни тупроқда яшовчи бир нечта микроорганизмлар келтириб чиқаради.

Улардан асосийси ризоктония соляни (Rhizoctonia solani) замбуруғи бўлиб, бунга қўшимча равишда фузариум (Fusarium oxysporum Schr.f vasinfectum) ва бир нечта бактериялар ҳам қатнашади. Бу микроорганизмлар ихтиёрий паразит бўлиб, ғўза бўлмаган жойларда ҳам тупроқдаги чириндилар ҳисобига сопрофит ҳолда яшайверади. Уларнинг ривожланиши учун қулай хаво ҳарорати 10-300С етарли ҳисобланади. Ёмғирли кунларда тупроқнинг ҳарорати пасайиб кетиши сабабли микроорганизмлар кўплаб ривожланади, натижада ёш майсалар касалланади.

Ҳозирги вақтга келиб бу касалликни уч хил кўриниши бўлиб, чигит унгунгача; чигит униб чиқиши ва ёш ниҳолларни илдиз чиришидан иборат.

Фузариоз (вилт) сўлиш касаллиги. Бу касаллик ингичка ва ўрта толали ғўзанинг майсалик давридан бошлаб ўсув даврининг охиригача давом этади. Майсалар бу касаллик билан зарарланганда уларнинг кўпчилиги қуриб нобуд бўлади, ғўзанинг ўсув даврида эса кўсаклар камайиши кузатилади.

Касалликни ғўзанинг ингичка толали навларида фузариум оксиспориум замбуруғи келтириб чиқаради. Касалликнинг ривожланиши учун харорат 18-270С ва тупроқ намлиги 15-19 % бўлиши керак. Шунинг учун ҳам бу касаллик ғўзанинг бутун ўсув даврида ривожланиши мумкин. Замбуруғ сопрофит холида тупроқнинг 60 см чуқурликкача бўлган қатламида учрайди.

Ғўза майдонларида бегона ўтлар. Бегона ўтлар далалар атрофида, қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларида, бўш партов ерларда, ариқлар ва йўллар бўйларида, уйларга яқин ва бошқа ҳар хил жойларда ўсадиган ўсимликлар бўлиб, дунёда уларнинг бир неча минг тури тарқалган. Республиканинг суғориладиган ерларида бегона ўтларнинг 400 тадан кўпроғи қайд этилган бўлиб, пахтазорларда 74 тадан кўп тури учрайди.

            Бегона ўтлар ғўза майдонида, намлик, озуқа моддалар ва қуёш нури учун рақобат қилади, шерик бўлади, ҳосилдорликни камайтиради ва натижада тола ҳосили ва сифатини пасайтиради, йиғим-теримни қийинлаштиради. Транспирация жараёни жуда фаоллиги сабабли бегона ўтлар маданий экинларга нисбатан 330-1900 марта кўпроқ сувни ўзлаштириши мумкин, тупроқ намлигини қочиради ёки уни қуритади. Озуқа моддаларни ғўза ва бошқа экинларга нисбатан кўп ўзлаштиради, айниқса азотни кўп миқдорда ўзлаштиради.

Кейинги йилларда бегона ўтларни катта майдонларда тарқалиши ва кўпайиши кузатилмоқда, бу эса ўз навбатида ғўзанинг ҳосилдорлигини бир мунча пасайишига олиб келиши мумкин. Айниқса, кўп йиллик бегона ўтлар ажриқ, ғумай, саломалайкум ва қамиш босган жойларда ҳосилдорликни кескин тушиб кетиши кузатилади.

2019 йилда республика бўйича бегона ўтларни 659,3 минг гектар ғўза майдонларида иқтисодий зарар етказиш мезонидан кўп миқдорда тарқалиши кутилмоқда.