Ғўза тунлами ёки кўсак қурти

2019-10-21 12:00:00

.

              Кузги тунлам. Кузги тунлам Республикамизнинг барча вилоятларида қишлоқ хўжалик экинлари ва ёввойи ўсимликларни юздан ортиқ турига қуртлик босқичида зарар етказади. Кузги тунлам капалагининг катталиги қанотларини ёзганда 40 ммгача боради  Олдинги қанотлари сарғиш – кулрангда бўлиб асосига яқин қорамтир доғи, марказида юмалоқ, ундан юқорироқда буйраксимон доғлари мавжуд. Орқа қанотлари томирли оқ тусда. Тухуми оқимтир, 0,65 мм бўлиб шакли гумбазсимон, 16-20 қобирғали. Қуртлари даставвал 0,5 ммча бўлиб бешинчи ёшига бориб 50 ммгача етади. Ғумбаги 15 – 20 мм, оч қўнғир рангда бўлади.         

        Кўсак қурти. Кўсак қурти Ўзбекистоннинг барча вилоятларида учрайди ва 120 турдаги ўсимликларда озиқланиб, 20 хил экинга кучли зарар этказади. Кўсак қурти қишлоқ хўжалиги экинларидан ғўза, помидор, маккажўхори ва бошқа кўпгина ўсимликларни асосан ҳосил органларига қуртлик босқичида зарар етказади. ғўзани зарарланган шона ва тугунчалари ривожланишидан тўхтайди. Натижада тўкилиб кетади.

         Кўсак қурти кучли шикаст етказган майдонларда ҳосилдорликни 70 % ва ундан ортиқ қисмини нобуд қилиши мумкин. Кўсак қурти капалаклари қанотларини ёзганда 30-40 ммга етади. Танасининг узунлиги 12-20 ммга боради. Танаси сариқ, кўкиш-сариқ ёки кулрангда бўлади. Олдинги қанотларини марказида юмалоқ, юқорироғида биттадан ловиясимон қора доғи бор. Орқа қанотлари ўртасида рангли ойсимон доғ мавжуд. Кўсак қурти тўлиқ ўзгарувчан ҳашарот. Тухуми гумбазсимон бўлиб диаметри 0,5-0,7 мм, баландлиги 0,4-0,5 мм келади. Капалаклари тухумларини ғўзани ўсув нуқталарида, ёш баргларга ва ҳосил органларига якка –якка қилиб қўяди. Тухумлари аввал оқиш-кулранг, кейин эса қўнғир тусга киради. Тухумдан 4-6 кунда оч-кўк оқ бошли личинка чиқади. Кўп ўтмай унинг бош қисми қораяди ва танасини ранги тўқлаша боради. Қуртлари ғўзани гул, новда ва кўсаклари билан озиқланади. Зарарланган гул, новда ва ёш тугунчалар тўкилиб кетади. Личинкалари озиқланиб бўлгач тупроққа тушади ва 5-12 см чуқурликда ғумбакка айланади. Ғумбаги 17-21 мм бўлиб, оч пушти сариқдан қизғиш - жигарранггача ўзгаради. Кўсак қурти кузда озиқланган ўсимлик даласида тупроқни 10-15 см чуқурлигида ғумбак босқичида қишлайди. Апрел-май ойларида тупроқ ҳарорати 16°С га етганда учиб чиқади.Тунламнинг бир авлоди ўртача 30 40 кун яшайди. Ўзбекистонда кўсак қурти 1 йилда 3-4 марта авлод беради.

         Кураш чоралари – ғўзани ўсув даврида қатор ораларига ўз вақтида ишлов бериш, ўз вақтида ўсимликни чеканка қилиб олинган ўсув нуқталарини даладан чиқариб ташлаш натижасида кўсак қурти тухумлари кескин камаяди.

      Чигитни эрта экиш, кузда ҳосил йиғиштириб олингач ерни чуқур шудгорлаш, қишки яхоб сувини бериш каби чора тадбирлар зараркунанда зарар етказишини маълум даражада чеклайди. Табиатда ҳозирги кунгача кўсак қуртини 90 турга яқин табиий кушандалари мавжудлиги аниқланган. Ушбу кушандалар кўсак қуртини турли ривожланиш босқичларини зарарлаб сонини камайтириб туради. Кўсак қуртини табиий кушандаларига апантелес, трихограмма ва браконларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

      Ўзбекистондаги мавжуд биолабараторияларда кўсак қуртини кушандалари дан трихограмма ва бракон кўпайтирилади. Трихограммалар кўсак қуртининг тухумларини зарарлайдиган асосий энтомофаги хисобланади. Бу энотмофаг тухумхўр бўлиб, у хўжайининг тухумига ўз тухумини қўйиб уни нобуд қилади. Трихограмма майда хашорат бўлиб, катталиги 0,38-0,6 мм келади. Ранги сариқ, қўнғир, қора бўлади. Урғочисининг мўйлови 5 бўғинли, 2 хивчинли бўлади. Олдинги қисмида елкани бўлиб,қанотлари кенг қатор тукчали, чети қисқа хошияли бўлади. Қорни кенг, юмалоқ, тухум қўйғичини яшириб туради. Эркагининг мўйловлари 3 бўғимли, битта халқаси бор. 

     

     Трихограмманинг урғочиси қанотлари ва қорнидан тушиб қолган тукларнинг хиди билан эркакларини жалб қилади. Трихограмманинг тухуми ва ғумбаги хўжайин тухумининг ичида ривожланади. Вояга этган хашаротлар 14 та авлод беради ва октябр ойида диапаузага кетади. Ўзбекистонда трихограмманинг учта тури кўпайтирлади. Ғўза униб чиққандан сўнг далага феромон тутқичлар тарқатилади. Ҳар бир феромон тутқичга 3-4 донадан кўсак қурти капалаклари тушса 200 000 дона трихограмма бир гектарга уч марта 2-5 кун оралатиб биринчи марта 60 000, иккинчи марта 80 000 ва учинчи марта яна 60 000 дона тарқатилади. Агар ҳар 100 туп ўсимликда 2-5 дона турли ёшдаги кўсак қурти личинкалари учраса бракон фойдали ҳашароти зараркунандага қарши 1:5 ва 1:15 нисбатда бир хафта орасида 2-3 марта тарқатилади. Тунламларга қаши курашда жинсий феромонли тузоқлардан фойдаланила ди. Феромонлар урғочи ҳашаротларнинг махсус эндокрин безларидан ажраладиган модда бўлиб, эркак жинсдаги хашоратларни жалб қилиш учун хизмат қилади. Феромон тузоғи ичига жойлаштирилган синтетик феромон ҳидига етук эркак капалаклар учиб келиб, энтомологик елим сиртига қўниб ёпишиб қолади. Синтетик феромон ўлчами 1 2 см ли,ички диаметри 6 8 мм ли резинка найчалардан иборат бўлиб, у 10 кун давомида эркак хашаротни жалб қилиши мумкин. Бу муддатдан кейин найчаларни алмаштириш керак. Феромон капсулалар холдилникда, 12 ой давомида сақланиши мумкин. Ғўза даласидаги феромонларга 15-20 тадан кўсак қурти капалаклари туша бошласа кимёвий кураш олиб борилади.

          Кимёвий курашда бензофосфат 30% к.э – 1,7-2,3 л/га; каратэ 5% к.э – 0,5 л/га; фьюри 10% к.э – 0,3 л/га; моспилан 20% н.к – 0.3 кг/га ва бошқа шу каби Ўзбекистонда ишлатишга рухсат этилган ва кузги тунламга тафсия қилинган пестицидлардан бири билан ишлов бериш зарур.