Ҳадемай, январда тарвуз ҳосилини йиғамиз, дейишмоқда мулкдорлар

2019-12-26 12:00:00

.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан бир гуруҳ вакиллар Хитойнинг Шандун провинциясида бўлиб, экинлар етиштиришнинг энг илғор усуллари билан танишиб қайтди.
 
– 90 минг аҳоли яшайдиган бу ҳудудда 50 минг гектар иссиқхона бор, –дейди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани “Озодов Мусабек” фермер хўжалиги раҳбари Озод Қурбонбоев. – Тўғриси, бориб кўриш, ўрганиш керак. Биз ҳам кўрганларимиз асосида 25 сотихда иссиқхона барпо этиш ниятидамиз. Февралда эса 10 сотихда барпо этилган иссиқхонамизда помидор, бодринг экишни режалаштириб турибмиз.
 
Жорий йилда Хитойга тажриба алмашиш мақсадида бир неча сафарлар уюштирилиб, кўплаб мулк эгалари қамраб олинди. Делегация вакиллари Хитойда қуёш нури билан иситиладиган иссиқхоналарни қуриш, уларни юритиш ва самарадорлигини ўрганиш билан бир қаторда кўчат етиштириш борасида ҳам янги тажрибалар ўрганди.
 
IMG_20191223_221142.jpg
 
– Анжир, узум ҳатто полиз экинларини ҳам иссиқхонада етиштириш борасида етарлича тажриба ўргандик, – дейди О.Қурбонбоев. – Мисол учун, ошқовоққа пайванд қилинган тарвузларни кўриб, ҳайратимиз ошди. Буни сабаби ошқовоқ илдизи турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли. Бундай тарвузларни ҳосилдорлиги юқори бўлар экан. Яна бир гап, уларда полиз экинлари кўчатдан экилар экан. Бунинг учун кўчат етиштириладиган алоҳида майдонлар мавжуд. Ҳар бири 2-3 килограмм келадиган бу тарвуз-қовунлар январда пишиб етилар экан. Янги иссиқхонамизда йилига икки марта ҳосил олишни, январда полиз экинлари етиштиришни йўлга қўймоқчимиз.
 
Қуёш нури билан иситиладиган иссиқхоналар кун давомида қуёшдан энергия олади. Тунда эса уларнинг усти ёпилади ва иссиқлик сақлаб қолинади. Шу боис газ ёки кўмир каби ёқилғига эҳтиёж қолмайди. Уларнинг аҳамияти ердан бир ярим метр пастда бўлиб, қазилган тупроқдан атрофига 6 метр қалинликда ва баландликда девор билан ўралганидадир.
 
IMG_20191221_110133.jpg
 
2020 йилда ҳам фермер ва деҳқонларни бир қатор хорижий давлатларга тажриба алмашиш учун юбориш мўлжалланмоқда.