Кузги дон экиш ва ғўза дефолиацияси бўйича амалий семинар бўлиб ўтди

2019-08-19 12:00:00

.

Сирдарё вилояти Оқолтин тумани “Мустақил диёр” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги “Табиатнинг олтин неъматлари” ва “ Марқабой ота” фермер хўжаликлари даласида 2020 йил ҳосили учун пахта қатор ораси ва очиқ майдонларга ғалла экиш ҳамда ғўзани дефолиация қилиш бўйича ўқув амалий семинар бўлиб ўтди.
 
Тадбирда вилоят ва туман ҳокимлари ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, қишлоқ ҳамда сув хўжалиги бошқармалари мутахассислари, фермер хўжаликлари раислари, мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этди.
 
“Табиатнинг олтин неъматлари” фермер хўжалиги очиқ майдонига дон экишга киришилди.
 
photo_2019-08-17_16-09-44.jpg
 
Жорий мавсумда вилоятда ғаллачиликдан мўл ҳосил етиштирилгани, ғаллачиликда эришган вилоят миришкорларининг бу меҳнат зафари тасодиф эмаслигини келгуси мавсумда ҳам исботлаш лозимлиги таъкидланди. Семинар ташкил этилган Оқолтин тумани ғаллакорлари давлатга 30 минг 467 тонна ўрнига 36 минг 727 тонна сара дон етказиб бериб, республика туманлари орасида илғорлар қаторида бўлди.
 
– Келгуси йил мавсуми учун вилоятимизнинг 21 минг гектар очиқ, 64 минг гектар ғўза қатор ораларига дон экишни режалаштирганмиз, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Камилжон Сабиров. – Ҳар гектар майдонга 250 килограммдан 100 фоиз ўғитлаб ғалла экилиши қатъий назорат қилинади. 400 дан ортиқ дон экиш сялкалари ва зарур техника воситалари шай ҳолатда, керакли миқдордаги ёқилғи билан таъминланади.
 
Шунингдек, вилоятнинг 63 минг 600 гектар пахта далалари дефолиация қилиниши режалаштирилган бўлиб, бу ишларни амалга ошириш учун 67 та отряд шакллантирилди. Уларга 426 дона ОВХ пуркагичлари ҳамда 1 дона самолёт ажратилган.
 
photo_2019-08-17_16-09-46.jpg
 
Семинар иштирокчиларига кузги дон экиш ва ғўза дефолиацияси бўйича мутахассислар томонидан зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.
 
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.
 

 

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА