“Stevia – Surxon” – маҳаллийлашган нав

2019-08-17 12:00:00

.

Стевия ўсимлигининг шифобахш хусусиятлари ҳақида аввал ҳам маълумот берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги доривор ўсимликлар хомашё базасини яратиш ва доривор препаратларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўлими мутахассиси Сарвар МИСИРОВ бу гал Ўзбекистон ерларида ўстирилаётган маҳаллий навлар хусусида сўзлаб берди:
 
– Манбаларда ёзилишича, стевиянинг ватани Парагвай бўлиб, XVII асрдаёқ испанлар ундан турли хасталикларни даволашда фойдаланишган, шифобахш ичимлик сифатида истеъмол қилишган, – дейди С.Мисиров. – Ушбу ўсимликнинг даволаш хусусияти кейинчалик олимлар изланишлари натижасида тасдиғини топган. Қувонарлиси, субтропик иқлимга мослашган мазкур стевия доривор ўсимлиги ватанимиз ерларида ҳам ўстирилмоқда.
 
Стевия доривор ўсимлиги илк бор 1996 йил Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги “Оллоҳёрохун” фермер хўжалиги ерларига экспериментал тарзда экилган, Ўсимликни маҳаллийлаштиришда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат аграр университети олимлари жонбозлик кўрсатишди. Дастлаб мазкур ўсимликнинг 6 минг тупи келтирилиб қадалган бўлса, айни пайтда 5 гектар майдонда 600 минг туп кўчат – ўзида шакарқамиш ёки қандлавлагидаги шакар миқдоридан кўра 150 баробар кўпроқ шакар сақлаган стевия ўсимлиги етиштирилмоқда. Бундан ташқари яна 8 гектар майдонда Стевия доривор ўсимлиги плантациялари ташкил этилиб, кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Ундан олинган хом ашёни саноатда “Stevia Extraction” технологияси ёрдамида қайта ишлаб, стевиозид, ребаудиозид инновацион ширинлатгич маҳсулотларини тайёрлаш бўйича хорижий компаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда.
 
Стевия доривор ўсимлигининг совуққа чидамли ва дала шароитида табиий гуллаб, сифатли уруғ берадиган янги “Stevia - Surxon” формасини кўпайтириш йўлга қўйилгани янада самарали бўлди. Шўрчи туманида Стевия доривор ўсимлиги плантацияларини ташкил этиш орқали олинган хом ашёни саноатда қайта ишлаб, фармацевтика ва озиқ-овқат соҳасига ҳамда экспортга етказиб берувчи Стевия кластер хўжалигини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
 
Мавзуга доир, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳар бир киши кунига 60 грамм атрофида тахминан, 4 ош қошиқ шакар истеъмол қилишни тавсия этади.
 
 
Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА